imombuxoriy.uz

АБУ АЛИ ИБН СИНО ИНСОН РУҲИЯТИ ҲАҚИДА

0504.2016

СамДУ психология кафедраси доценти

                                      Мушарраф Салахутдинова

 

АБУ АЛИ ИБН СИНО ИНСОН РУҲИЯТИ ҲАҚИДА

 

     Шарқнинг буюк мутафаккири, хизматлари абадиятга дахлдор улуғ олим Абу Али ибн Сино 980 йил Бухоро яқинидаги Афшона деган жойда дунёга келди. 985-995 йиллар Ибн Сино Бухородаги улуғ олимлар Маҳмуд Масон, Исмоил аз-Зоҳидий, Абу Абдуллоҳ Зоҳидий, Абу Абдуллоҳ Нотилий, Ал-Қумрий каби улуғ олимлардан таълим олди. 995-1005 йиллар давомида Абу Али ибн Сино Бухоронинг улуғ олим ва табибларидан бири бўлиб танилди. Бухоро амирининг оғир касалини даволашда иштирок этиб, унинг эвазига амир кутубхонасида мутолаа қилишга рухсат олди. Ўзининг дастлабки илмий асарларини яратди. Хоразмлик олим Абу Райҳон Бериуний (973-1048) билан ёзишмалар олиб борди. 1005 йил Ибн Сино Бухородан Хоразм пойтахти Гурганжга келиб бу ердаги олимлар даврасида хизмат қилади, асарлар ёзади. «Тиб қонунлари», «Аш-шифо» асарларининг дастлабки материалларини ҳам йиға бошлади.

1012-1014 йиллар Абу Али ибн Сино Ғазна подшоҳи Султон Ғазнавий таъқибидан қочиб Хоразмдан чиқиб кетади.

1014 йил Абу Али ибн Сино Рай шаҳрига келади. Бу ерда табиблик билан шуғулланади ва илмий ишларини давом эттиради. 1016 йил Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб Абу Али ибн Сино Райдан Казвин орқали Ҳамадонга ўтади. Бу ерда Амир Шамсуддавланинг вазири бўлиб хизмат қилади. Сўнг ҳарбийларнинг иғвоси билан Фаражон қалъасида ҳибс этилади. Бу ерда Абу Али ибн Сино «Ал ҳидоя» («Бағишлов»), «Ҳай ва Якзон» («Уйғоқнинг ўғли Тирик»), қуланж касали тўғрисидаги «Китоб ул-куланж» асарларини ёзди. «Юрак дорилари» китобини ҳам шу йилларда ёза бошлади.

1025 йил Абу Али ибн Сино Ҳамадондан Исфаҳонга ўтди. Бу ерда умрининг охиригача яшади. «Тиб қонунлари», «Аш-шифо» каби шоҳ асарларини тугаллади. «Китоб ул-Алойи» асарини ёзди.

1037 йилда Абу Али ибн Сино Исфаҳон амири Алоуддавла билан Ҳамадон сафарида бирга бўлди. Шу сафар давомида эски касали қўзғаб қолди ва вафот этди. Абу Али ибн Синони Ҳамадон шаҳрида дафн этишди.

Абу Али ибн Сино табиблик ва илмий фаолияти давомида инсон руҳиятига доир кўп хулосаларни кашф этди.  Психология фанидан маълумки, инсоннинг психологик ҳолатлари кўпроқ унинг физиологик ҳолатларига боғлиқ бўлади. Бу борада Ибн Синонинг фикри шундай: соғ ва носоғ одамда бир хил кўриниш содир бўлмайди. Аввал носоғ одамни соғломликка эриштирмоқ, шундан кейин ундан соғ одам қиладиган ишни кутмоқ керак.

Шахс фазилатлари ҳақида сўрашганда Ибн Сино айтади:

Ҳар бир хайр ва яхшилик асосида тортинмоқ, жасорат, ҳикмат ва адолат ётади. Инсон шуларга одат қилган, уларнинг аксидан сақланган ҳолда камолот касб этади.

Инсоннинг феъли олдиндан белгиланган  қисмат туфайли пайдо бўладими? Яъни характер генетик омилга ёки тақдирга боғлиқми? – деган саволга олим:

Қисматни белгиловчи Оллоҳнинг иродаси ҳамма нарсага бош. Унинг иродасидан ташқари ҳеч нарса мавжуд бўлмайди. Аммо ҳар бир мавжуд нарсага оид кўп сифатлар борки, бу сифатларни инсон – ҳар бир вужуд муҳит, тарбия ва турли таъсирлар орқали касб этади, - дейди.

Агар бу касб этилган сифатлар салбий бўлсалар, улардан қутулиш йўли қандай?

Салбий сифатлардан қутулиш учун, агар улар тасодифий таъсир туфайли пайдо бўлган бўлсалар, киши ўз иродасини сафарбар этмоғи лозим.

Кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Агар бу сифатлар одатга айланиб қолса, кишининг табиатига мослашиб қолади. Демак, яхши сифатларга одатланган одам яхшилик касб этади: ёмон сифатларга одатланган эса ёмонликка ўрганиб қолади. Яхшилик ва саховат ошиқчалик ва етишмовчиликнинг ўртасидир.

Ибн Сино тингловчининг қарашларидан унинг тушуна олмаётганини сезади. Чунки суҳбат фалсафий тус ола бошласа, у мавҳумлашиб боради. Масалан, - дейди Ибн Сино, - агар беморда иссиқлик ортиб кетган бўлса, уни совуқликдан иборат озуқа ва дори билан камайтирамиз. Агар совуқлик ортиб кетган бўлса, уни иссиқлик ёрдамида пасайтириш керак бўлади. Худди шунинг сингари ўзимизда етишмовчилик сезсак, эзгу сифатларни оширмоқ ҳисобига ўша етишмовчиликни камайтирмоғимиз зарур.

Барча сифатлар ичида энг асосийлари қайсилар?

Адолат, дейди Ибн Сино. Адолат ҳиммат ва саховатнинг негизидир. Адолат барча руҳий кучларга алоқадор.

Ушбу фикрларни Ибн Синонинг шогирди Жузжоний  тартиб билан қоғозга туширади ва натижада Ибн Синонинг «Одоб ҳақида» деган рисоласи пайдо бўлади. Бу рисолада эзгулик, унинг жузъий томонлари: карам, ҳикмат, сабр, хайр, сир сақлаш, тоқат, сўзамоллик, зийраклик, қатъият, жасорат, самимият, вафо, шафқат, номус, тиришқоқлик, камтарлик каби шахсга хос сифатлар таъриф ва талқин қилинган. Бу сифатларга зид бўлган тушунчаларга ҳам изоҳлар берилган.

Ибн Синонинг руҳнинг номоддийлиги ҳақида қизиқ бир фикри бор: «Руҳ нуроний моддадир. Кирувчи руҳ нур дейилади. Кўз нурни кўрса нафс севинади, қоронғуликда у сиқилади. Чунки ёруғлик нафсни ташувчи (маркаб)га ўхшаш бўлиб, қоронғилик унинг зиддидир[1].

Хурсандлик, ғам, хавф, ғазаб юракда бўлган руҳнинг махсус таъсирланишидан пайдо бўлган. Хурсандлик бир турли лаззатдир, дейди олим. Лаззатда истеъдод лаззатланувчининг миқдор ва кайфиятида энг яхши ҳолда бўлишини тақозо қилади. Модданинг миқдорда ортиқлиги қувватнинг шиддатда ортиқлигини келтириб чиқаради. Бунинг зидди эса аламга бўлган истеъдодни билдиради. Бирор нарсага ҳозир турганда энг кичик туртки ҳам етарли. Масалан, олтингугурт салгина олов билан ёниб кетади. Ўтин эса унга қараганда икки баравар ортиқ бўлсада, дарров ёна олмайди. Шунга ўхшаш шодланиш қобилиятига эга бўлган руҳ сал нарсага севинади. Хурсандликнинг кетма-кет келиши хурсандликка тайёрлайди. Ғамнинг кетма-кет келиши ғамгинликка мослайди. Қувноқ кишига сабабларнинг энг кучлисигина таъсир қилади, шодлантирувчи сабабларнинг кучсизи ҳам таъсир қилаверади. Бунинг зидди эса ғамгинликка йўллайди.

Олимнинг ушбу фикрлари умумий психология фанининг ҳиссиётлар, эмоциялар, аффектлар каби мавзулари учун ўрганилиши муҳимдир.

Олимнинг психофизиологияга доир фикрлари:

Кўп миқдорли, соф, қуюқ ва суюқлиги муътадил бўлган қон руҳни шодлантиришга ҳозирлайди. Чунки ундан ана шундай сифатли руҳ туғилади.

  Агар қон суюқ, серсув бўлса қалбни заиф қилади ва қўрқоқликка ҳозирлайди. Чунки бундай қоннинг ҳаракати қийин ва оғир. Ғализ, қуйқали ва юқори ҳарорати бўлган қон руҳни ғам ва ғазабга чорлайди. Ғам қуйқа ва хира руҳдан, ғазаб руҳ ҳароратидан бўлган алангаланишдан келиб чиқади.

Ибн Синонинг шоҳ асари «Аш-шифо»да зоопсихологияга доир «Ал-ҳайвон» бўлими бор. Ибн Сино асарларида нафс деган тушунча рефлекслар ва баъзи ўринларда инстинкт тушунчасини англатади. «Аш-шифо»даги «физика» бўлимининг олтинчи боби – «Китоби нафс»дир. Олимнинг сезгилар борасидаги хулосалари ҳозирги экстерорецепторлар тушунчасига мос, интерорецепторлардан бироз фарқ қилади: ташқаридан қабул қилинувчи қуйидаги сезгилардир: кўрув, эшитув, ҳидлов, таъм, сезув. Ичкаридан қабул қилинувчилар: хаёл, фикрлов, фараз, сақлов ва хотира.

Олимнинг ижтимоий фикрлари. Инсон фақат жамият ичида яшай олади. Агар бир одам ёлғиз ўзи бўлганда у аллақачон йўқ бўлиб кетган бўлар эди. Инсоннинг яшамоғи учун зарур кишилар бир-бирларига тайёрлаб берадилар. Уларнинг ўзаро муомалалари учун энг қулай восита – овоз.

Ибн Синонинг психологик қарашларини акс эттирган яна бир асар «Китоб ул-Алоий» ёки «Донишнома» («Билимлар китоби») дир. Ундаги «Мантиқ» бўлимида олимнинг ижтимоий-психологик фикрлари – жамият ва оилани бошқариш, ўз-ўзини бошқариш муаммолари ёритилган. «Физика» бўлими инсоннинг жони (нафси) унинг абадийлиги ва бу абадийликнинг ҳолати тўғрисидаги мулоҳазаларга бағишланган.

«Тиб қонунлари» китобида гавдадаги энг иссиқ нарса руҳ дейилади. Руҳнинг пайдо бўлиш ўрни юракдир. Асарда инсон мижозини ташкил этувчи тўрт унсур – овоз, ҳаво, ер, сув ҳамда хилтлар ўрганилади.

Олим инсоннинг ёш даврларини қуйидаги тўрт даврга бўлади: ўсиш ёши – ўсмирлик - туғилгандан 30 ёшгача давом этади. Ўсишдан тўхташ – ёшлик -  35-40 ёш; чўкиш ёши – 60 ёшгача; кучсизлик билан чўкиш ёши – умр охиригача боради. Бу кексаликдир.

Ушбу бўлим бўйича асосий хулосалар қуйидагилардан иборат:

1. Абу Али ибн Сино қолдирган илмий мерос бизга психологияга доир яхлит асарлар ва бошқа мавзуларга доир асарлар таркибидаги психологияга доир маълумотларни тақдим этади.

2. Қўлга киритилган маълумотлар орасида шахс психологияси, ижтимоий психология, психофизиология, ёш психологияси, зоопсихология, тиббиёт психологияси, психика ва онг, характер ва темпераментга доир илмий муаммолар асосий ўрин тутади.

3. Абу Али ибн Синонинг руҳ ҳақидаги қарашлари олий нерв фаолияти мавзусини ўрганишда муҳимдир.

Абу Али ибн Синонинг психологияга доир фикрларини тадқиқ этишни давом эттириш ва тиббиёт фанида бўлганидек, ундан психология фани ва амалиёти учун зарур маълумотларни топиш мақсадга мувофиқдир.

                                                          АДАБИЁТЛАР:

Абдураҳмонов Ф. Қадимги Шарқ мамлакатларида психологик фикрлар тараққиёти. - Тошкент: Ўқитувчи. 1995. – 78 б.

Муҳиддинов М.Қ. Комил инсон – адабиёт идеали. – Тошкент. 2005. – 205 б.

Хайруллаев М.М. Ўрта Осиёда илк уйғониш даври маданияти. – Тошкент:

Фан. 1994. – 78 б.

Қаюмов А. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. – Тошкент: Ёш гвардия.

1987. – 238 б.

Ғозиев Э. Тафаккур психологияси. – Тошкент. 2001. – 110 б.

 

 

                                              

 

 

 

 

 

 



[1] Қаюмов А. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. Т.: Ёш гвардия. 1987. 145-бет.

 

News

2505.2016

Малайзия Республикаси туризм ассосацияси

Малайзия Республикаси туризм ассосацияси “Bumiputera” туризм  операторлари 25 кишидан иборат аъзолари Имом Бухроий мажмуасига ташриф қилдилар. Зиёратчилардан жаноб Hj.Harun KC Ahmmu қуйдаги фикрларни билдирди:    Бизлар Имом Бухорий ҳазратларини яхши кўрамиз. У кишини ҳадисларидан доимо фойдаланамиз. Имом Бухорий хазратларига хурматимиз баланд, Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюуриб жуда бахтиёр бўлдик. Келгусида Малайзиялик  мусулмонларни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюришини таъминлаймиз.     Hj.Harun KC Ahmmu

Меҳмонлар билан мулоқот

Dato' Nor' Aini binti Abd. Hamid

Feng Jing