imombuxoriy.uz

Имом Бухорий ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси тарихи

Авваламбор ассалому алайкум азиз меҳмонлар, сайтимизга хуш келибсизлар. Мана бугун сизлар онлайн зиёрат қилиб турган маскан Ислом оламида юксак эътиборга эга бўлган Имом Бухорий мажмуасида турибсизлар. Бу буюк зотнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий. У киши хижрий бир юзи тўқсон тўртинчи сананинг шаввол ойининг ўн учинчи кунида мелодий ҳисобда 810 йил, 20 июлда Бухоронинг Пойкант қишлоғида дунёга келди. 

Имом Бухорий ўта кучли ёдлаш қобилиятига эга бўлиб, 11 ёшдан 16 ёшгача Имом Моликнинг “Ал-муватто” хадислар тўпламини ёд олади ва натижада етмиш мингдан зиёд ҳадисни ёддан билади. Имом Бухорий 16 ёшларида онаси ва акаси Аҳмад билан хаж сафарига чиқади. Хаж ибодатларини амалга оширгандан сўнг онаси ва акаси билан Маккада хайрлашади ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В) нинг хадисларини тўплаш ва асл ҳолига қайтариш мақсадида Арабистонда қолади. Имом Бухорий қарийб 40 йил давомида 20 дан зиёд юртларда юриб мингдан зиёд устозлар қўлида таҳсил олади ва Пайғамбаримиз (С.А.В)нинг 600 000 дан ортиқ  ҳадисларини тўплайди. 

Муҳаддислар билан мулоқотлари ҳақида сузлаб Имом Бухорий: “Шом, Миср, ал-Жазийрада икки мартадан, Басрада тўрт марта бўлганман, Ҳижозда олти йил истиқомат қилганман, Куфа ва Бағдодда неча марта бўлганлигимнинг ҳисобини ҳам билмайман. Мен бир минг саксонта ровийдан ҳадислар ёзиб олганман, уларнинг ичида ҳеч бўлмаса биттагина ҳадис айтганлари ҳам бўлган” дегандилар.  

Имом Бухорий (Имомуд дунё, фил ҳадис) ҳадис илмида дунё имоми, (Амирил мўминийн фил ҳадис) ҳадис мулкининг амири номли унвонларни олиб, 40 йилдан сўнг она юрти Бухорога қайтиб келади. Хорижий давлатлардан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга хадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлади. Баъзи бир ҳасадгўй, қора ниятли кишилар эса Имом Бухорийни кўролмас эдилар. Ҳасадгўйларнинг найранглари туфайли улуғ муҳаддиснинг Бухоро амири Холид ибн Ахмад аз-Зухалий билан муносабати бузилиб қолади. Бунга яна бир сабаб амир олимдан унинг ҳузурига келиб “ал-Жомеъ ас-*саҳийҳ”, “Ат-Тарих” китобларини ўқиб, сабоқ беришини талаб қилади. Лекин Имом Бухорий: “Мен илмни ҳор қилиб, уни амирлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин. Лекин оллоҳ таоло илмни яширмай, уни толибларга сарф қилганим учун охират куни мани махфират тутади” деган жавобни айтади. Амирга бу жавоб ёқмай, фитначи кимсаларнинг гапига кириб, Бухорийга шаҳардан чиқиб кетишни буюради. Шундан кейин Имом Бухорий Самарқанд томонга йўл олади ва бир мунча муддат шаҳар яқинидаги Хартанг қишлоғида ўз қариндоши Ғолиб ибн Жаброилникида яшаганидан кейин касалга чалиниб, хижрий 256 йил (милодий 870 йил 1 сентябр) 62 ёшида вафот этади ва шу ерга дафн қилинади. Унинг қабри барча мўмин-мусулмонлар учун табаррук зиёратгоҳ севимли қадомжолардан ҳисобланади.

Ривоят қилишларича, қабрга қўйилганларидан сўнг қабрларидан хушбўй хид чиқиб турган ва кечаси қабрларининг тўрт бурчагидан илохий нур пайдо бўлган. Шундан сўнг бу табаррук заминни одамлар 1000 йиллар мобайнида зиёрат қилиб турардилар. 

Ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари дунё миқёсида нечоғлик улкан мартабага эга бўлишларига қарамасдан, собиқ Шўро тузуми даврида ўзининг муносиб қадр-қимматини топмаган сиймолардан бири эди. Энг аянчлиси, хорижий юртларда, айниқса, араб дунёсида юксак эхтирому чексиз меҳр-муҳаббатга сазовор бўлган аллома ўз юртида эътибордан четда эди. Унинг ҳаёти ва бебаҳо мероси деярли ўрганилмас, аллома абадий қўним топган маскан ташландиқ ва ўта аянчли ҳолатда бўлганлигини маҳаллий аҳолининг ёши улуғлари яхши эслашади. 

Мустақиллигимиз шарофати билан халқимизнинг маънавий ҳаётида улкан тарихий ўзгаришлар юз берди. Ҳукмрон мафкуранинг дастидан унутилган кўплаб алломаларимиз, арбобларимиз бирин-кетин ҳалқимизнинг маънавий дунёсига қайтарилди. 

Жумладан, истиқлол шарофати туфайли буюк ватандошимиз Имом Бухорийга муносабат ҳам энди батамом ўзгарди. Унинг асарлари ҳар томонлама ўрганилиб, кенг жамоатчиликка тақдим қилинаётир. Жумладан, алломанинг шоҳ асарлари “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” (4 жилдлик) ва “Ал-адаб ал-мафрад” тўлиғича ўзбек тилига ўгирилиб, кенг китобхонлар оммасига тортиқ этилди. 

Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” асари ислом оламида биринчи китобдан кейинги биринчи китоб деб номланади. Яъни “Илоҳий китобларнинг ичида энг олий китоб Қуръони Карим, инсонлар томонидан яратилган асарлар ичида энг олийси Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” асаридир” деб эътироф этилади.         

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1997 йил 29-апрелдаги “Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал Бухорий таваллудининг хижрий 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги № 217 қарорига мувофиқ бу ёдгорлик мажмуи Ўзбекистон Республикаси Президенти И .А. Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шахрисабз ҳалқ устоларининг олтин қўллари билан меъморчилик тарихида энг қисқа муддат яъни саккиз ой мобайнида барпо этилди.

1998-йил 23-октябр Жума куни Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи расман очилиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда бу табаррук замин бутун ислом оламидан, чет элдан келган сайёхлар билан гавжумдир. 

Мажмуа таркибида жомеъ масжиди мавжуд бўлиб, унда беш маҳал намоз, жума намози ва икки ҳайит намозлари ўқилади. Шунингдек, мажмуа худудида бешдона чинор дарахтлари ва уларнинг тагидаги ҳовуз ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ушбу дарахтлар 16 асрда Бухоро хони Аблуллахон томонидан экилган. Ҳозирда дарахтларнинг ёши 570 ёшдан ошганини мутахассислар аниқлаб беришган.

Мажмуанинг ўнг томониида мўжазгина музей бор. Музейда президентимиз И.А.Каримовга 1992 йилда Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз жаноблари томонидан совға қилинган Каъбапўш ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонларнинг совғалари сақланади.

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  

Меҳмонлар билан мулоқот

Афғонистон Республикасидан бир гуруҳ уламолар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикасидан Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар