imombuxoriy.uz

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  
0106.2017

“Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”

 “Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”   Муборак рамазон ойининг қутлуғ кунларида хайрия тадбирлари ўтказиш, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли фаолият кўрсатиш барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимиздир. Зеро, рамазон ойи рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда қилинадиган меҳр-мурувватга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чорлаб: “Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”,  деб марҳамат этганлар (Имом Термизий ривояти).   Яна бир ҳадиси муборакда рамазон ойида қилинган хайр-саховатлар бошқа ойларда қилинган хайр-саховатлардан афзаллигини билдириб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг сахийси эдилар. Айниқса, муборак рамазон ойида, Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетар эдилар”,  деганлар.   Ривоятларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ойини “сабр ойи” деб номлаган бўлсалар бошқа бир ривоятда рамазони шариф инсоннинг ирода ва сабрининг ярми эканини таъкидлаб: “Рўза сабрнинг ярмидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).   Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатлари ҳар бир инсоннинг қалбидан жой олиши таҳсинга лойиқ. Шу маънода, қалблари таскинга муҳтож, эҳтиёжи чекланганларга эътибор қаратишдан кўра аъло фазилат бўлмаса керак.   Айнан шу неъматларга ҳамоҳанг вилоятимиздаги барча масжидларда таровеҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан тингламоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Ана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик ила адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари жаранглайди.                                                                                                                                                                                                                                                    Манба:www.muslim.uz
0106.2017

Рўза ибодати самовий ибодатдир

                               Рўза ибодати самовий ибодатдир   Аллоҳ таолонинг уммати Муҳаммадияга берган неъматларидан бири шуки, уларнинг барча ибодатларини Ўзига боғлаб қўйди. Банданинг мартабаси қанчалик юксак бўлмасин, Аллоҳ хоҳламаса, бирор ибодатни истаган пайтга фарз қилишга аралаша олмайди. Намознинг фарз бўлиши вақтга, вақт эса қуёшга боғлиқ, ойлар ҳилол, Рамазон рўзаси эса ҳилолни кўришга боғлиқдир. Қачон Рамазон ҳилоли кўрилса, рўза тутиш вожиб бўлади.  Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб, «Ҳилолни кўрмагунингизча рўза тутманглар, уни кўрмагунингизча рўзани очманглар. Агар у сизларга кўринмай қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар». Қамарий ойлар ё 30 кун, ё 29 кун бўлади. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу (йил бу) ой йигирма тўққиз кечадир. Шунинг учун уни кўрмагунингизча рўза тутманглар. Агар у сизларга кўринмай қолса, (Шаъбон кунларининг) ададини ўттизга етказинглар», дедилар». Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз уммий* умматмиз, ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам. Ой баъзан мана бундай, баъзан мана бундай бўлади», дедилар», яъни бир сафар йигирма тўққиз, бир сафар ўттиз кунлик бўлади, демоқчилар. * Уммий – онадан туғилгандек, яъни ўқиш-ёзишни ўрганмаган одам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерда ўша даврдаги арабларнинг ҳолатини, уларнинг кўпчилиги саводсиз бўлиб, ўқиш-ёзишни, фалакиёт илмидаги ҳисоб-китобларни билмаслигини назарда тутмоқдалар. Шу боис, уларга ибодатларнинг вақти ва муддатини белгилашда энг қулай йўлни ўргатмоқдалар.   Демак, ой гоҳ 29, гоҳ 30 кун бўлар экан. Шунингучун Рамазон ойининг биринчи кунини аниқ билиш учун ражаб ва шаъбон ойларининг ҳилолини кўриб, кун санаб бориш керак. Агар Рамазоннинг ҳилоли бирор сабабларга кўра (масалан, ҳаво булутлиги учун) кўринмай қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига амал қилган ҳолда, шаъбонни ўттиз кун деб ҳисобланади.   Одамлар Рамазон рўзасини 29 кун тутишса ҳам, Аллоҳ ажрларини тўлиқ қилиб ёзади, чунки амаллар ниятга боғлиқдир. Муслиму муслималар Рамазон 29 кун бўлса ҳам, 30 кун бўлса ҳам, фақат Аллоҳнинг амрига бўйсунишади. Шунинг учун Рамазон рўзасининг ажри тўлиқ берилади, камайтирилмайди. Шунингдек, зулҳижжа ойи борасида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу маънога ишора қилганлар. Имом Бухорий Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки ҳайит ойи – Рамазон билан зулҳижжа (баравар)ноқис бўлмайди», дедилар».   Ушбу ҳадиснинг маъноси борасида уламолар шундай дейишган: бу икки ой бир йилнинг ўзида бараварига ноқис, яъни 29 кунлик бўлмайди, бири 29 кунлик бўлса, иккичиси 30 кунлик бўлади.   Салафи солиҳлардан ушбу ҳадиснинг маъноси тўғрисида икки машҳур сўз келган бўлиб, улар Бухорийнинг аксар ривоятларида нақл қилинган. Бирининг маъноси шуки, бу икки ой фазилатда бир-биридан кам эмас. Иккичи маъно шуки, бир йилнинг ўзида бу икки ой бараварига ноқис (29 кунлик) бўлмайди.     Айримлар бу ҳадиснинг маъносини «Рамазон ҳам, зулҳижжа ҳам ҳеч қачон ўттиз кун бўлмайди», деб тушунишган, аммо уларнинг бу гапи рад қилинган. Унинг рад этилишига у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари кифоядир: «(Ҳилолни) кўриб, рўза тутинглар ва уни кўриб, рўзани очинглар». Манба: www.Islom.uz    
1205.2017

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари

           БМТ Инсон  ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.     Жорий йилнинг 11 май куни юртимизга расмий ташриф билан бўлиб турган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайид Рад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация самарқандга ташриф буюрди.     Олий мартабали  меҳмон вилоятга қилган ташрифи давомида дастлаб, буюк муҳаддис олим “Имом Бухорий” ҳазратларининг қабрини зиёрат қилди. Юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, Имом Бухорий масжиди имомхотиби Зайниддин Эшонқулов кутиб олди. Меҳмонга Муҳаммад ибин Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва мажмуанинг қисқача тарихи тўғрисида маълумот берилди.    Олий комиссар ҳадис илмининг султони, Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини билдирди. Бобокалонимизнинг  қабирлари ёнида  имом хатиб томонидан Қуръон тиловати ўқилиб, дуолар қилинди. Мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан беҳад шодланган Зайд Раад ал-Ҳусайн жумладан шундай деди:   “Мен шундай табаррук заминга келганим ҳамда Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилганимдан бахтиёрман. Бу ташриф мен учун шарафдир”.     Зиёрат якунида юқори мартабали меҳмон мажмуанинг ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларин ёзиб қолдирди.                                                                                                    Зайниддин Эшонқулов                                                                            Ўзбекистон мусулмонлари идораси                                                                                            Самарқанд вилояти вакили
2912.2016

Қирғизистон Республикаси делегацияси ташриф буюрди.

  2016 йил 24 декабр куни Қирғизистон Республикаси уламолари кенгаши раиси Абдушукур ҳожи Норматов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Мажмуада дастлаб Бухорий ҳазратлари қабри ҳамда мажмуа бўйлаб зиёрат амалга оширилди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, унинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни диққат билан тинглади. Айниқса, сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари борасида фикр билдириб, ўзининг таҳсинини, мутасаддиларга нисбатан чуқур миннатдорчилигини изҳор этди. Сўнгра аср намозини адо этиш мақсадида Имом Бухорий жоме масжидига кирилди. Масжид имом хатиби Зайниддин Эшонқулов намоздан олдин жамоатга меҳмонларни таништирди ва тинчликни қадрлаш, уни авайлаб-асраш, турли ёт ғоялар, салбий таъсирлардан ҳимояланиш, айниқса ёш авлодни бундай кучлардан йироқда тутиш ҳақида маъруза қилди. Маъруза сўнгида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ваъзни ниҳоялаб дуо қилиб бердилар.   Шунингдек, ташриф асносида ҳар икки давлат диний раҳнамолари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича давра суҳбати ўтказилди. Томонлар бу борадаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, ҳамкорлик ишлари истиқболли бўлиши ҳамда давлатларимиз қўшничилиги мустаҳкам давом этишини тилаб қолдилар. Учрашув сўнгида меҳмонга Регистон мажмауси акс эттирилган ғилофли сувенир (лаган) совға тариқасида инъом этилди.  
2912.2016

Имом Бухорий жоме масжидида мавлид ўқилди.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган Рабиул аввал ойи муносабати билан 2016 йил 16 декабр жума куни Имом Бухорий жоме масжидида жума намозидан аввал мавлид ўқилди.  Бу муборак маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги бош Имом хатиби бошчилигидаги бир гуруҳ мехмонлар ташриф буюрдилар. Масжид Имом хатиби, ноиблари Имом Барзанжийнинг “Мавлид”ини ўқишганидан сўнг вилоят вакиллиги бош Имом хатиби юртимиз фаровонлиги, тинчлиги бардавом бўлишини сўраб дуо қилдилар.   Мавлид маросими тугагач маҳаллий аҳоли томонидан масжидга олиб келинган нози-неъматлар, турли ширинликлар намозхонларга улашилди.        
2110.2016

19-октябр куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташрифи амалга оширилди.

    Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига жорий йилнинг 19-октябр куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлар кенгаши 43-сессияси иштирокчилари ташрифи амалга оширилди.                  
1003.2016

Малайзия Республикаси туризм ассосацияси

Малайзия Республикаси туризм ассосацияси “Bumiputera” туризм  операторлари 25 кишидан иборат аъзолари Имом Бухроий мажмуасига ташриф қилдилар. Зиёратчилардан жаноб Hj.Harun KC Ahmmu қуйдаги фикрларни билдирди:    Бизлар Имом Бухорий ҳазратларини яхши кўрамиз. У кишини ҳадисларидан доимо фойдаланамиз. Имом Бухорий хазратларига хурматимиз баланд, Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюуриб жуда бахтиёр бўлдик. Келгусида Малайзиялик  мусулмонларни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюришини таъминлаймиз.     Hj.Harun KC Ahmmu
0803.2016

АМИР ТЕМУР ВА ҲАЁТСЕВАРЛИК ФАЛСАФАСИ

                 АМИР ТЕМУР ВА ҲАЁТСЕВАРЛИК ФАЛСАФАСИ       Ҳазрати Соҳибқирон Амир Темурнинг «Бизким мулки Турон, амири Туркистонмиз, бизким миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи Туркнинг бош бўғинимиз...» деган сўзларини фикрлар эканман, ул зоти олий бу сўзларни ўзлари мансуб бўлган қадимий маданий юрт, юксак фазилатлар, бой анъаналар ва буюк аждодларга эга бўлган эл билан фахрланиш туйғуси юзасидангина айтганмикинлар, деган мушоҳада уйғонади.    «Миллатларнинг энг улуғи» деганларида, албатта, Соҳибқирон ислом миллатини кўзда тутганлари аниқ. Чунки, энг сўнгги ва мукаммал дин бўлмиш ислом инсонларни тиллари, ранглари, ирқлари, насл-насабларига қараб эмас, балки дилларидаги хазиналари нима билан тўлдирилганига, яъни эътиқодларига қараб икки миллатга ажратади. Булардан бири ислом миллати, яъни тафаккур билан яхшини ёмондан ажратиш ва ҳам моддий, ҳам маънавий оламларда покликка интилиш бўлса, иккинчиси, исломни рад этувчи миллат. Бу миллат умуман ҳар қандай эътиқодни рад этиб, моддий дунёнигина тан олиш ва ундан имкон борича манфаатдор бўлиш, ёки нуқсли, чуқурроқ  ўрганилса  ботиллиги  тезда ошкор бўлиб қоладиган эътиқодларда бўлиш миллатидир. Исломнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримда ислом миллати «гўзал миллат», «ҳуснли миллат» деб таърифланади ва бу миллатга содиқ бўлган кишини Яратувчи энг баланд мартабаларга эриштиражаги маълум қилинади.       Ўз даврининг илғор дунёқараши бўлмиш исломни чуқур тушунган ва унинг инсонпарвар, ҳаётсевар ақидаларини чин дилдан қабул этган соҳибқирон Амир Темур ўзининг турли жабҳаларда уйғунлик билан олиб борган фаолиятида эл-улус осойишталиги, ҳамжиҳатлик, хайр-садақа, биродарлик, футувват, юрт ободлиги каби «мусулмончилик» деб аталмиш юксак қадрият талабларини амалга оширди. У халқни ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишга, адолатпарвар, маърифатли ва соф виждонли бўлишга ундади.      Шу ўринда яна бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтмоқ лозим. Соҳибқирон ўз эътиқодига содиқ қолиш баробарида, давлатида ислом динининг жуда кўп нарсаларни таъқиқлаб, инсон эркини чегаралаб қўйгудек даражада хурофот билан алмашинишига йўл қўймади. У умрининг охирги дамларигача комил мусулмонликка  интилгани ҳолда, ҳеч бир мутаассиб дин пешвосига давлат ишларига аралашиш ёки бирор масалада ҳал қилувчи овозга эга бўлиш ҳуқуқини бермади, давлат тизгинини оқил ва доно йўлбошчи сифатида ўз қўлида тутди. Бу ҳақда «Темур тузуклари»да ҳам шундай сатрлар бор: «... бутун мамлакатда буйруқ, фармон бериш ишлари подшоҳнинг ўзида бўлиши лозимки, ҳар ишда подшоҳ ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.» Аммо, ўзининг етти пири мададига ва дуоларига доим эҳтиёж сезди ва бош эгиб уларнинг ҳузурига (ғорларга, чекка қишлоқларга) ўзи борди. Соҳибқирон исломни давлати ва жамиятида мутлақ ва бешафқат ҳукмрон деб эмас, балки инсонларга раҳм-шафқат қилиб, уларни тўғри йўлга солувчи доно тарбиячи сифатида тушунди. Зеро, соҳибқирон даврида ислом шарқи мамлакатларида кенг ёйилган тасаввуф диний-фалсафий таълимотининг турли оқимларига мансуб бўлган сўфий шайхлар ўзларини ижтимоий ҳаётдан, давлат, ҳокимият ишларидан четга олиб дарвешона ҳаётни афзал билардилар.        Кейинроқ, XIV аср ўрталарида, ҳазрат Соҳибқирон фаолиятлари билан айни бир пайтда бир тарафдан Туркистонда нақшбандия деб аталмиш тасаввуфнинг янги оқими пайдо бўлди ва бу дунёқараш XV аср ниҳояси, яъни Шарқ ёхуд Мусулмон Ренессанси даврининг энг юқори чўққисига қадар назарий ва амалий томондан баравж ривожланди. Энг муҳими, бу фалсафий таълимот айни ҳазрати соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида ўзининг амалий жиҳатдан сермаҳсул ва илмий-назарий жиҳатдан катта тараққиёт даврини бошидан кечирди. Бунга мисол тариқасида Хуросон ва Мовароуннаҳрлик машҳур нақшбандия алломалари Ҳазрати Хожа Аҳрори Вали, Нуриддин Абдураҳмон Жомий, Низомиддин Алишер Навоий ва улар раҳнамоликларидаги катта зиёлиларни келтиришимиз мукин. Туркистон заминида кечган ана шу муҳим ижтимоий воқеълик ҳазрати Соҳибқироннинг бу ўлка халқлари маънавий тафаккури тараққиётида тутган беқиёс ўрнини ҳам белгилаб беради. Марказий Осиё ижтимоий-маънавий тафаккури тарихида ёрқин из қолдирган, силсиласи бизнинг замонамизгача етиб келаётган мазкур тариқат асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳам барча тарихий даҳо шахслар сингари ўз даври ва жамияти кишисининг интилишларини фаолиятида акс эттирди. Маълумки, ҳар қандай сиёсий мафкура ёхуд дунёқараш ўз даври ижтимоий-сиёсий муҳити, жамият тараққиёти даражаси ва шу жамият аъзосининг тафаккури маҳсули сифатида дунёга келади. Демак, ҳазрати Соҳибқирон ҳукмронликлари даврида Туркистонда илм-фан равнақи, ҳурфикрлилик тараққиёти учун энг қулай замин яратилган эканки, шу заминга қадалган барча яхшилик уруғлари баравж ҳосилга кирди. Ҳазрати Соҳибқироннинг фаол ҳаётсевар ва фуқаропарвар, маърифатпеша ва адолатпарвар сиёсати жамият кишиларини, шу жумладан узлатнишин сўфийларни ҳам тўлақонли ва серзавқ ҳаёт кечиришга илҳомлантирди, энг муҳими, ҳалол меҳнат туфайли фоний дунёда ҳам саодатга эришиш мумкин эканлигига ишонч уйғота олди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур «соҳибқироний сиёсат»га темурийлар даврида ҳам амал қилинди. Зеро, юрт подшоҳи халқининг бой ва фаровон, маданий турмуш кечириши учун мўътадил шароит яратаётган бир даврда Аллоҳ таоло ризосини тилаган сўфийнинг узлатга чекиниб, фаол ҳаётга аралашмай туравериши мумкин эмас эди. Мабодо, шундай қилса, бу нарса мўмин учун номуносиб бир ҳол бўлиб, балки мунофиқликка яқинроқ бўларди.       Бундан кўринадики, ҳазрати соҳибқирон балки ўзи ҳам кутмаган бир равишда она юртида чўнг маданий ва маърифий юксалиш, буюк тараққиёт билан бир қаторда нақшбандия сингари оламшумул фалсафий-илмий дунёқарашнинг шаклланишига сабабчи бўлди, темурий подшоҳлар эса, унинг тараққийпарвар фаолияти ва амалий равнақига ҳисса қўшди.       Нақшбандий шайхлардан ва Соҳибқироннинг дуогўй пирларидан бўлмиш ҳазрат Саййид Амир Кулол ҳақларида битилган «Мақомоти Мир Кулол»да ёзилишича, Соҳибқирон қазоқлик (салтанат учун курашиб юрган) даврларида Амир Кулолнинг шундай башоратларини эшитганлар: «... бутун мамлакат Амир Темур ва унинг фарзандларига берилур. Хоразм тасарруфига киргандан сўнг Самарқандга борсин». Ҳазрати Амир Кулол Шоҳи Нақшбанд - Баҳоуддин Балогардоннинг ҳам муршидлари бўлганликлари маълум.      Ҳазрати Баҳоуддин авлиёнинг «Дил ба ёру даст ба кор» деган шиорлари замонанинг янгиланаётганлигидан, Турон халқига мўғуллар асоратидан қутулиб, эркин меҳнат билан шуғулланиш фурсати етганлигидан башорат берувчи даъват бўлган эди, десак адашмаймиз. Албатта, ғайридин ва ўзга юртлик ҳукмдорлар - мўғуллар даврида сўфийларнинг узлат ихтиёр этишлари ижтимоий шароит тақозоси билан ҳам юз берган. Юрт бошига ўзюртлик, мўмин подшоҳ тургандан сўнг, жамиятнинг барча табақаларида бўлганидек, ислом фидойилари орасида ҳам жонланиш юз берди, ҳаётга қизиқиш, илҳом, ғайрат, шижоат пайдо бўлди. Ислом тарихидан маълумки, барча диний-фалсафий оқимлар қуруқ назария сифатида замон ва макондан узилган ҳолда эмас, балки ўз даври ва талабларидан келиб чиқиб, баъзи бир сиёсий воқеъликларга, мафкураларга норозилик белгиси сифатида ҳам дунёга келади. X асрларда Бағдодда Ғавс ул-аъзам номи билан машҳур бўлган сўфий Абдулқодир Гелоний томонидан тасаввуфнинг қодирия  сулукига асос солинади. Бу фалсафий таълимотнинг асосий раҳшаларидан бири ислом ўлкаларида кенг тарқалаётган таркидунёчиликнинг жамият учун зарарли бўлган оқибатларини тушунтириш ва Аллоҳ таоло томонидан инсонларга улуғ неъмат қилиб берилган дунё ҳаёти гўзалликларидан ҳам оқилона фойдаланишга рағбат уйғотиш эди. Манбаларда келтирилишича, ҳазрат Абдулқодир Гелоний ниҳоятда чиройли, ораста кийинар, либосларидан бир порасининг баҳоси ўн тилло баробарида бўлган экан. Шунинг учун ҳам ул зот Аллоҳ таоло томонидан унинг садоқатли бандалари, зоҳидона ҳаёт кечирган машҳур сўфийлар Абу Язид Бастомий, Иброҳим Адҳам кабилардан ҳам юқорироқ мавқега муносиб кўрилган эканлар. Кўринадики, муайян давр ва жамият тақозоси билан исломнинг марказларидан бири Бағдодда илдиз отган ҳаётсеварлик фалсафаси орадан уч асрлар ўтгач, буюк Ҳолиқнинг иродаси билан Мовароуннаҳрда ўз меваларини берди. «Шунча шуғл (машғуллик-Д.С) орасида кўнгилни ёр билан асрай олмоқ» каби «Дил ба ёру даст ба кор» мақолидан аввалроқ айтилган чуқур фалсафий фикр ўзининг кенг амалий тараққиётига Мовароуннаҳр заминида эришди. Машҳур таркидунёчи, ўз ҳаёт тарзи билан зоҳидликка рағбат уйғотувчи авлиёларга эга бўлган Туркистонда замон, макон ва ихвон (муайян шахс) етилгач, ҳаётсеварлик фалсафаси чуқур илмий таълимот сифатида етук сиймо Баҳоуддин Нақшбанд томонидан тақдим этилди. Ана шу ўринда мазкур даврда ўзининг ўткир ақли ва фаросати, чуқур билими ва кенг дунёқараши, мустаҳкам эътиқоди ва сиёсий заковати билан тарих шоҳсупасида пайдо бўлган Амир Темур шахсининг тутган ўрни ва беқиёс аҳамиятини эътироф этмаслик ноқисфаҳмликдир. Зеро, нақшбандия каби инсонсевар таълимотнинг етилиши ва юзага келиши учун Амир Темурдек буюк зот вужудга келтирган ижтимоий, маънавий шарт-шароитлар тақозо этилади. Аллоҳ таолонинг изми-иродаси билан бу таълимотни муайян макон - Турон заминида кенг ёйилишини бевосита таъмин этган зот ҳазрат Амир Темур бўлди.      Ҳазрат Соҳибқирон ва Шоҳи Нақшбанд бир тарихий шароит, бир сиёсий-ижтимоий муҳитда вояга етган, эътиқоди шаклланган шахслар бўлганликлари сабабли уларнинг инсон ҳилқати ва дунё ҳаётига бўлган муносабатлари, орзу-умид ва интилишлари жуда яқин эди. Улардан бири беқиёс ғайрат-шижоати, комил иймони билан мозий йўриғини ўзгартиришга ҳисса қўшган бўлса, иккинчиси, мукаммал эътиқоди ва садоқати билан инсон тафаккурида кескин бурилиш ясади, инсонни фаол ҳаёт кечиришга, дунё неъматларидан оқилона баҳраманд бўлишга ундади. Бу икки буюк тарихий шахснинг барча ҳаракатлари ислом тарғиб этганидек, сарвари коинот бўлмиш инсон имкониятлари нақадар улуғлигини ва шу нуқтаи назардан инсон зотининг Тангри таоло ва барча яратилмишлар наздида эъзозли эканлигини намойиш этишга қаратилган эди. Шу ўринда ҳазрати Шоҳи Нақшбанд ва Ҳазрати Соҳибқироннинг инсон қадр-қимматини ерга урувчи касб эгалари - гадоларга нисбатан бўлган кескин ва муросасиз муносабатларини эслаб ўтиш кифоя.      Ҳар бир инсон ҳатти-ҳаракатларини бошқариб турувчи бир куч борки, унинг номи - эътиқоддир. Соҳибқирон ва Қутбиддин Амир Темурнинг эътиқодлари эса,  худди Шоҳи Нақшбанд эътиқодлари каби ИСЛОМ эди. Бинобарин, Шоҳи Нақшбанд каби беқиёс камолот, валоят ва каромат соҳиби музаффар амир Темурбек сиймоси ҳам бетакрор ва бетимсолдир.      Юқорида мурожаат этганимиз «Мақомоти Мир Кулол»да келтирилишича: «Ҳазрати Амир дедиларки: «Шу уч кечаю кундуз тафаккур дарёсига шўнғидим - мени ва менинг атрофимдагилар, ёронларимнинг ҳоли не кечур деб. Ғайб хотифи нидо бериб дедики: «Эй  Амир Кулол, сени, ёронларингни, дўстларинг ва сенга эргашувчиларнинг барчасини раҳмат этдик». Ул зотнинг буюк «эргашувчи»лари - Ҳазрат соҳибқирон Амир Темур ва Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд фаолиятларининг қай даража хайрли ва сермаҳсул, раҳматли бўлганлигига тарих гувоҳдир.      Соҳибқироннинг оламшумул шуҳрати сабабларини таҳлил этар эканмиз, «Оламгирнинг Европа жанггоҳларида қозонган ғалабалари Шарққа кулиб боқаётган цивилизацияни бой бериш эвазига келди, икки буюк турк султони аждодларига хос бўлинишдан юқори тура олганларида, эзгу маънода бирлаша билганларида халқларимиз тарихий тақдири бошқачароқ кечмасмиди, асрлар оша давом этган зулм истибдодлари айро-айро бошларимизга ёғилмасмиди», деган фикрларга ҳам дуч келиш мумкин. Фикримизча, бу масала жуда жиддий ва чуқур шарҳлар, тадқиқотларни талаб қиладики, зеро, масаланинг бу тахлитда қўйилиши катта бир тарихий давр йўналишини бошқарган доно ва тадбиркор, сиёсий шахс фаолиятини бирёқлама тушунишга ҳам олиб келиши мумкин.     Ҳақиқатан ҳам, агар ҳазрати Амир Темур, турк султони Йилдирим Боязид, Оқ ва Олтин Ўрдалар хони Тўхтамишхон ўзаро келишиб, қудратли Турк хоқонлигини ташкил этганларида, балки шарқ фанний ва маърифий тараққиёти (цивилизацияси) ғарбга юз ўгирмаган, ҳозирги юксак техник ва ижтимоий ривожланиш ўз ядросини (жавҳарини) Турон заминида ўрнатган бўлармиди?! Айнан шу нарсани соҳибқирон Амир Темур ҳам кўзда тутган эди. Лекин, бу борадаги тақдир ҳукми ўзгача бўлди.      Маълумки, ҳазрати Соҳибқирон ўз юришларини муқаддас жиҳод - жаҳолат қувғини деб тушунар эди. Шу сабабдан ҳам Оврупони ўз тасарруфига олаётган қудратли Турк султони Боязидга ёзган номаларида «Фаранг (Оврўпо-Д.С) лашкарига қарши жиҳод фарзини амалга ошириш йўлида ҳаракат камарини боғлаганинг учун ҳам сенинг мамлакатинг ҳудудига ҳеч бир тажовуз этмадик», ёки «Ул жаноб (султон Боязид-Д.С) ўша диёр кофирлари жиҳоди ила машғул бўлаверсинлар. Биз томондан ул тарафга қайси шаклда мақбул бўлса, самимийона иноят ва кўмак кўрсатилгай» тарзидаги фикрларини билдирганлар. Демак, агар султон Боязид ғурурга кетиб, ҳазрат Соҳибқироннинг кўчманчилардан бўлмиш Қора Юсуф ва Аҳмад Жалоир каби йўлтўсар, элсуймас рақибларига паноҳ бермаганида ва унга мусулмон шаънига мос келмайдиган мактублар жўнатмаганида соҳибқирон Амир Темур Оврўпо тақдирини унинг ўзига қўйиб берган бўлар эди. Ҳазрат Соҳибқиронни бу томонларга черик тортишга мажбур қилган сабаблар  биз ўйлагандан кўра чуқурроқ. Соҳибқиронга тааллуқли бўлган мактублар, султон Боязид билан ёзишмалар, мамлуклар, жалойирийлар, музаффарийлар ва Боязид ўрталаридаги ошкора ва хуфия ёзишмалар ва битимлар ҳам буни тасдиқлайди. Агар Султон Соҳибқирон ва ул зотга бевосита ва билвосита тегишли барча мактублар алоҳида муншаот сифатида нашр этилса, мазкур масалаларга анча ойдинлик киритилган бўлур эди.      Бундан ташқари, Соҳибқироннинг Эрон, Озарбайжон, Ироқ, Ҳиндистон, Сурияга қилган юришлари машҳур Ипак Йўли ҳукмронлиги учун бу катта сиёсий аҳамиятга эга бўлган йўлни йўлтўсар-қароқчилардан тозалаб, унда осойишта карвонлар қатновини йўлга қўйиш ва имкон қадар маданийлаштириш учун бўлганлиги равшан-ку!    «Оврўпо халоскори» деган фахрли ёрлиққа сазовор бўлган ҳазрат Соҳибқирон уни ўз диндош биродари тасарруфидан халос этишни истамаган, балки мақсади ўша юртларнинг халқларига ислом маърифатини элтиш бўлган. Соҳибқироннинг ҳар юз йилда бир марта бериладиган Қутбиддин унвонига сазовор бўлганликларини унутмайлик. Бундан кўринадики, ҳазрат Соҳибқирон Шарқда кўтарилаётган цивилизация зиёсидан онгли равишда Ғарбни ҳам баҳраманд этмоқчи бўлган. Бу масаланинг бир томони.     Иккинчи томондан, уч машҳур Турк султонлари цивилизацияни Ғарбга буриб юбориб, ҳақиқатан ҳам Шарқ ундан бебаҳра қолдими? Балки, аксинчадир. Ҳазрати Соҳибқироннинг Румга қилган юришлари даврини эслайлик. 1402 йил. 70 ёшга яқинлашган соҳибқирон орадан уч йил ўтгач вафот этди. Рум Қайсари ҳам бу даврда кексалик ёшига яқинлашган эди. Бунга Оқ Ўрда ва Олтин Ўрданинг ҳам ичдан нураб турган бир даврни бошдан кечираётганлигини илова қиладиган бўлсак, уч буюк туркий султон ўзаро келишиб, ҳукмронлик қилган тақдирларида ҳам, бу уч салтанат учун темурийлар, чалабийлар ва мўғул хонларининг «тахт талашув» курашлари натижасида жуда яқин йилларда бошидан кечиражаги муқаррар бўлган сиёсий таназзул фурсати етиб қолганлиги маълум бўлади. Бу эса, мустамлакачилик остонасида турган Англия каби давлатларга, жалойирийлар, музаффарийлар, қолаверса, Қора Юсуф каби шахсларга ниятига эришиш учун шароит яратар эди. Ҳазрат Соҳибқирон эса, ноаҳил, худбин ҳукмдорлар - Рум Қайсари ва Тўхтамишхонни енгиши билан чалабийлар ва мўғул хонларининг ўз авлодлари темурийлар даврида кўп машаққат билан тикланган буюк империя ҳалокатига ҳисса қўшишлари ёхуд уни тезлатишлари эҳтимоли мавжудлигини зукколик билан сеза олди ва бунга йўл қўймади. Натижада, Марказий Осиё маркази бўлган машҳур Темур ва темурийлар салтанати вужудга келди ва у 1370 йилдан 1507 йилгача, Бобур ва бобурийларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда эса, 488 йил умр кўрди. Жаҳон тарихида бирор сулола бу қадар ёрқин ва узун умр кўрганлиги ҳали бизга номаълум. Бундан кўринадики, ҳазрат Соҳибқирон Шарқ бошига тушажак янги мустамлака  истибдодларини қарийб 500 йилга кечиктирди.      Агар таъбир жоиз бўлса, мен ҳазрати Соҳибқирон ва темурийлар даврида Шарқ замини бошидан кечирган юксак тараққиётни «Темур цивилизацияси» деб атаган бўлур эдим. «Темур цивилизацияси» зиёси барча Шарқ мамлакатларини ёритди ва унинг меваларидан Ғарб ҳам баҳраманд бўлди. Қадимдан бошқа халқлар ҳисобига яшашга интилган Оврупо ўз ниятига етди. Аммо, бу орзуси ушалиши учун 500 йил ҳаракат қилди. Темурбек ва темурийлар салтанатининг узоқ ва шукуҳли умри ниҳоясини кутишга мажбур бўлди.      Ана шу тариқа, ҳазрат Соҳибқирон ва Қутбиддин Амир Темур турли жабҳалардаги кўпқиррали ижодкорлик фаолияти билан қадим Туркистон тупроғида қодири барҳақ ҳукми билан юз бериши тақдир этилган жуда кўп соҳалардаги буюк юксалишларга туртки берди. Қолаверса, темурийлар даврида кечган «Туркий юксалиш» жараёнига асос солдилар. Соҳибқирон ўзининг шарқона, исломий фазилати, буюк Турон элларига хос бўлган беқиёс ҳислати ва мардлик, баҳодирлиги билан қадим Турон юртини жаҳонга кўз-кўз қилди.     Мухтасар сўз, ҳазрат Соҳибқироннинг «Бизким, мулки Турон...» дея фахрланиши замирида жуда катта ҳикмат ва ҳақиқат ётар эканки, биз ва авлодларимиз ҳали асрлар давомида бу ҳикматлар махзанини очаверишга бурчлидирмиз!   Мақола  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди.  1996, 28 июнь, 2-бет. Сам.ДУ профессори.  Дилором Салохий    

Pages

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  

Меҳмонлар билан мулоқот

Афғонистон Республикасидан бир гуруҳ уламолар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикасидан Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар