imombuxoriy.uz

АМИР ТЕМУР ВА ҲАЁТСЕВАРЛИК ФАЛСАФАСИ

0803.2016

                 АМИР ТЕМУР ВА ҲАЁТСЕВАРЛИК ФАЛСАФАСИ

      Ҳазрати Соҳибқирон Амир Темурнинг «Бизким мулки Турон, амири Туркистонмиз, бизким миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи Туркнинг бош бўғинимиз...» деган сўзларини фикрлар эканман, ул зоти олий бу сўзларни ўзлари мансуб бўлган қадимий маданий юрт, юксак фазилатлар, бой анъаналар ва буюк аждодларга эга бўлган эл билан фахрланиш туйғуси юзасидангина айтганмикинлар, деган мушоҳада уйғонади.

   «Миллатларнинг энг улуғи» деганларида, албатта, Соҳибқирон ислом миллатини кўзда тутганлари аниқ. Чунки, энг сўнгги ва мукаммал дин бўлмиш ислом инсонларни тиллари, ранглари, ирқлари, насл-насабларига қараб эмас, балки дилларидаги хазиналари нима билан тўлдирилганига, яъни эътиқодларига қараб икки миллатга ажратади. Булардан бири ислом миллати, яъни тафаккур билан яхшини ёмондан ажратиш ва ҳам моддий, ҳам маънавий оламларда покликка интилиш бўлса, иккинчиси, исломни рад этувчи миллат. Бу миллат умуман ҳар қандай эътиқодни рад этиб, моддий дунёнигина тан олиш ва ундан имкон борича манфаатдор бўлиш, ёки нуқсли, чуқурроқ  ўрганилса  ботиллиги  тезда ошкор бўлиб қоладиган эътиқодларда бўлиш миллатидир. Исломнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримда ислом миллати «гўзал миллат», «ҳуснли миллат» деб таърифланади ва бу миллатга содиқ бўлган кишини Яратувчи энг баланд мартабаларга эриштиражаги маълум қилинади.

      Ўз даврининг илғор дунёқараши бўлмиш исломни чуқур тушунган ва унинг инсонпарвар, ҳаётсевар ақидаларини чин дилдан қабул этган соҳибқирон Амир Темур ўзининг турли жабҳаларда уйғунлик билан олиб борган фаолиятида эл-улус осойишталиги, ҳамжиҳатлик, хайр-садақа, биродарлик, футувват, юрт ободлиги каби «мусулмончилик» деб аталмиш юксак қадрият талабларини амалга оширди. У халқни ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишга, адолатпарвар, маърифатли ва соф виждонли бўлишга ундади.

     Шу ўринда яна бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтмоқ лозим. Соҳибқирон ўз эътиқодига содиқ қолиш баробарида, давлатида ислом динининг жуда кўп нарсаларни таъқиқлаб, инсон эркини чегаралаб қўйгудек даражада хурофот билан алмашинишига йўл қўймади. У умрининг охирги дамларигача комил мусулмонликка  интилгани ҳолда, ҳеч бир мутаассиб дин пешвосига давлат ишларига аралашиш ёки бирор масалада ҳал қилувчи овозга эга бўлиш ҳуқуқини бермади, давлат тизгинини оқил ва доно йўлбошчи сифатида ўз қўлида тутди. Бу ҳақда «Темур тузуклари»да ҳам шундай сатрлар бор: «... бутун мамлакатда буйруқ, фармон бериш ишлари подшоҳнинг ўзида бўлиши лозимки, ҳар ишда подшоҳ ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.» Аммо, ўзининг етти пири мададига ва дуоларига доим эҳтиёж сезди ва бош эгиб уларнинг ҳузурига (ғорларга, чекка қишлоқларга) ўзи борди. Соҳибқирон исломни давлати ва жамиятида мутлақ ва бешафқат ҳукмрон деб эмас, балки инсонларга раҳм-шафқат қилиб, уларни тўғри йўлга солувчи доно тарбиячи сифатида тушунди. Зеро, соҳибқирон даврида ислом шарқи мамлакатларида кенг ёйилган тасаввуф диний-фалсафий таълимотининг турли оқимларига мансуб бўлган сўфий шайхлар ўзларини ижтимоий ҳаётдан, давлат, ҳокимият ишларидан четга олиб дарвешона ҳаётни афзал билардилар.

       Кейинроқ, XIV аср ўрталарида, ҳазрат Соҳибқирон фаолиятлари билан айни бир пайтда бир тарафдан Туркистонда нақшбандия деб аталмиш тасаввуфнинг янги оқими пайдо бўлди ва бу дунёқараш XV аср ниҳояси, яъни Шарқ ёхуд Мусулмон Ренессанси даврининг энг юқори чўққисига қадар назарий ва амалий томондан баравж ривожланди. Энг муҳими, бу фалсафий таълимот айни ҳазрати соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида ўзининг амалий жиҳатдан сермаҳсул ва илмий-назарий жиҳатдан катта тараққиёт даврини бошидан кечирди. Бунга мисол тариқасида Хуросон ва Мовароуннаҳрлик машҳур нақшбандия алломалари Ҳазрати Хожа Аҳрори Вали, Нуриддин Абдураҳмон Жомий, Низомиддин Алишер Навоий ва улар раҳнамоликларидаги катта зиёлиларни келтиришимиз мукин. Туркистон заминида кечган ана шу муҳим ижтимоий воқеълик ҳазрати Соҳибқироннинг бу ўлка халқлари маънавий тафаккури тараққиётида тутган беқиёс ўрнини ҳам белгилаб беради. Марказий Осиё ижтимоий-маънавий тафаккури тарихида ёрқин из қолдирган, силсиласи бизнинг замонамизгача етиб келаётган мазкур тариқат асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳам барча тарихий даҳо шахслар сингари ўз даври ва жамияти кишисининг интилишларини фаолиятида акс эттирди. Маълумки, ҳар қандай сиёсий мафкура ёхуд дунёқараш ўз даври ижтимоий-сиёсий муҳити, жамият тараққиёти даражаси ва шу жамият аъзосининг тафаккури маҳсули сифатида дунёга келади. Демак, ҳазрати Соҳибқирон ҳукмронликлари даврида Туркистонда илм-фан равнақи, ҳурфикрлилик тараққиёти учун энг қулай замин яратилган эканки, шу заминга қадалган барча яхшилик уруғлари баравж ҳосилга кирди. Ҳазрати Соҳибқироннинг фаол ҳаётсевар ва фуқаропарвар, маърифатпеша ва адолатпарвар сиёсати жамият кишиларини, шу жумладан узлатнишин сўфийларни ҳам тўлақонли ва серзавқ ҳаёт кечиришга илҳомлантирди, энг муҳими, ҳалол меҳнат туфайли фоний дунёда ҳам саодатга эришиш мумкин эканлигига ишонч уйғота олди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур «соҳибқироний сиёсат»га темурийлар даврида ҳам амал қилинди. Зеро, юрт подшоҳи халқининг бой ва фаровон, маданий турмуш кечириши учун мўътадил шароит яратаётган бир даврда Аллоҳ таоло ризосини тилаган сўфийнинг узлатга чекиниб, фаол ҳаётга аралашмай туравериши мумкин эмас эди. Мабодо, шундай қилса, бу нарса мўмин учун номуносиб бир ҳол бўлиб, балки мунофиқликка яқинроқ бўларди.

      Бундан кўринадики, ҳазрати соҳибқирон балки ўзи ҳам кутмаган бир равишда она юртида чўнг маданий ва маърифий юксалиш, буюк тараққиёт билан бир қаторда нақшбандия сингари оламшумул фалсафий-илмий дунёқарашнинг шаклланишига сабабчи бўлди, темурий подшоҳлар эса, унинг тараққийпарвар фаолияти ва амалий равнақига ҳисса қўшди.       Нақшбандий шайхлардан ва Соҳибқироннинг дуогўй пирларидан бўлмиш ҳазрат Саййид Амир Кулол ҳақларида битилган «Мақомоти Мир Кулол»да ёзилишича, Соҳибқирон қазоқлик (салтанат учун курашиб юрган) даврларида Амир Кулолнинг шундай башоратларини эшитганлар: «... бутун мамлакат Амир Темур ва унинг фарзандларига берилур. Хоразм тасарруфига киргандан сўнг Самарқандга борсин». Ҳазрати Амир Кулол Шоҳи Нақшбанд - Баҳоуддин Балогардоннинг ҳам муршидлари бўлганликлари маълум.

     Ҳазрати Баҳоуддин авлиёнинг «Дил ба ёру даст ба кор» деган шиорлари замонанинг янгиланаётганлигидан, Турон халқига мўғуллар асоратидан қутулиб, эркин меҳнат билан шуғулланиш фурсати етганлигидан башорат берувчи даъват бўлган эди, десак адашмаймиз. Албатта, ғайридин ва ўзга юртлик ҳукмдорлар - мўғуллар даврида сўфийларнинг узлат ихтиёр этишлари ижтимоий шароит тақозоси билан ҳам юз берган. Юрт бошига ўзюртлик, мўмин подшоҳ тургандан сўнг, жамиятнинг барча табақаларида бўлганидек, ислом фидойилари орасида ҳам жонланиш юз берди, ҳаётга қизиқиш, илҳом, ғайрат, шижоат пайдо бўлди. Ислом тарихидан маълумки, барча диний-фалсафий оқимлар қуруқ назария сифатида замон ва макондан узилган ҳолда эмас, балки ўз даври ва талабларидан келиб чиқиб, баъзи бир сиёсий воқеъликларга, мафкураларга норозилик белгиси сифатида ҳам дунёга келади. X асрларда Бағдодда Ғавс ул-аъзам номи билан машҳур бўлган сўфий Абдулқодир Гелоний томонидан тасаввуфнинг қодирия  сулукига асос солинади. Бу фалсафий таълимотнинг асосий раҳшаларидан бири ислом ўлкаларида кенг тарқалаётган таркидунёчиликнинг жамият учун зарарли бўлган оқибатларини тушунтириш ва Аллоҳ таоло томонидан инсонларга улуғ неъмат қилиб берилган дунё ҳаёти гўзалликларидан ҳам оқилона фойдаланишга рағбат уйғотиш эди. Манбаларда келтирилишича, ҳазрат Абдулқодир Гелоний ниҳоятда чиройли, ораста кийинар, либосларидан бир порасининг баҳоси ўн тилло баробарида бўлган экан. Шунинг учун ҳам ул зот Аллоҳ таоло томонидан унинг садоқатли бандалари, зоҳидона ҳаёт кечирган машҳур сўфийлар Абу Язид Бастомий, Иброҳим Адҳам кабилардан ҳам юқорироқ мавқега муносиб кўрилган эканлар. Кўринадики, муайян давр ва жамият тақозоси билан исломнинг марказларидан бири Бағдодда илдиз отган ҳаётсеварлик фалсафаси орадан уч асрлар ўтгач, буюк Ҳолиқнинг иродаси билан Мовароуннаҳрда ўз меваларини берди. «Шунча шуғл (машғуллик-Д.С) орасида кўнгилни ёр билан асрай олмоқ» каби «Дил ба ёру даст ба кор» мақолидан аввалроқ айтилган чуқур фалсафий фикр ўзининг кенг амалий тараққиётига Мовароуннаҳр заминида эришди. Машҳур таркидунёчи, ўз ҳаёт тарзи билан зоҳидликка рағбат уйғотувчи авлиёларга эга бўлган Туркистонда замон, макон ва ихвон (муайян шахс) етилгач, ҳаётсеварлик фалсафаси чуқур илмий таълимот сифатида етук сиймо Баҳоуддин Нақшбанд томонидан тақдим этилди. Ана шу ўринда мазкур даврда ўзининг ўткир ақли ва фаросати, чуқур билими ва кенг дунёқараши, мустаҳкам эътиқоди ва сиёсий заковати билан тарих шоҳсупасида пайдо бўлган Амир Темур шахсининг тутган ўрни ва беқиёс аҳамиятини эътироф этмаслик ноқисфаҳмликдир. Зеро, нақшбандия каби инсонсевар таълимотнинг етилиши ва юзага келиши учун Амир Темурдек буюк зот вужудга келтирган ижтимоий, маънавий шарт-шароитлар тақозо этилади. Аллоҳ таолонинг изми-иродаси билан бу таълимотни муайян макон - Турон заминида кенг ёйилишини бевосита таъмин этган зот ҳазрат Амир Темур бўлди.

     Ҳазрат Соҳибқирон ва Шоҳи Нақшбанд бир тарихий шароит, бир сиёсий-ижтимоий муҳитда вояга етган, эътиқоди шаклланган шахслар бўлганликлари сабабли уларнинг инсон ҳилқати ва дунё ҳаётига бўлган муносабатлари, орзу-умид ва интилишлари жуда яқин эди. Улардан бири беқиёс ғайрат-шижоати, комил иймони билан мозий йўриғини ўзгартиришга ҳисса қўшган бўлса, иккинчиси, мукаммал эътиқоди ва садоқати билан инсон тафаккурида кескин бурилиш ясади, инсонни фаол ҳаёт кечиришга, дунё неъматларидан оқилона баҳраманд бўлишга ундади. Бу икки буюк тарихий шахснинг барча ҳаракатлари ислом тарғиб этганидек, сарвари коинот бўлмиш инсон имкониятлари нақадар улуғлигини ва шу нуқтаи назардан инсон зотининг Тангри таоло ва барча яратилмишлар наздида эъзозли эканлигини намойиш этишга қаратилган эди. Шу ўринда ҳазрати Шоҳи Нақшбанд ва Ҳазрати Соҳибқироннинг инсон қадр-қимматини ерга урувчи касб эгалари - гадоларга нисбатан бўлган кескин ва муросасиз муносабатларини эслаб ўтиш кифоя.

     Ҳар бир инсон ҳатти-ҳаракатларини бошқариб турувчи бир куч борки, унинг номи - эътиқоддир. Соҳибқирон ва Қутбиддин Амир Темурнинг эътиқодлари эса,  худди Шоҳи Нақшбанд эътиқодлари каби ИСЛОМ эди. Бинобарин, Шоҳи Нақшбанд каби беқиёс камолот, валоят ва каромат соҳиби музаффар амир Темурбек сиймоси ҳам бетакрор ва бетимсолдир.

     Юқорида мурожаат этганимиз «Мақомоти Мир Кулол»да келтирилишича: «Ҳазрати Амир дедиларки: «Шу уч кечаю кундуз тафаккур дарёсига шўнғидим - мени ва менинг атрофимдагилар, ёронларимнинг ҳоли не кечур деб. Ғайб хотифи нидо бериб дедики: «Эй  Амир Кулол, сени, ёронларингни, дўстларинг ва сенга эргашувчиларнинг барчасини раҳмат этдик». Ул зотнинг буюк «эргашувчи»лари - Ҳазрат соҳибқирон Амир Темур ва Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд фаолиятларининг қай даража хайрли ва сермаҳсул, раҳматли бўлганлигига тарих гувоҳдир.

     Соҳибқироннинг оламшумул шуҳрати сабабларини таҳлил этар эканмиз, «Оламгирнинг Европа жанггоҳларида қозонган ғалабалари Шарққа кулиб боқаётган цивилизацияни бой бериш эвазига келди, икки буюк турк султони аждодларига хос бўлинишдан юқори тура олганларида, эзгу маънода бирлаша билганларида халқларимиз тарихий тақдири бошқачароқ кечмасмиди, асрлар оша давом этган зулм истибдодлари айро-айро бошларимизга ёғилмасмиди», деган фикрларга ҳам дуч келиш мумкин. Фикримизча, бу масала жуда жиддий ва чуқур шарҳлар, тадқиқотларни талаб қиладики, зеро, масаланинг бу тахлитда қўйилиши катта бир тарихий давр йўналишини бошқарган доно ва тадбиркор, сиёсий шахс фаолиятини бирёқлама тушунишга ҳам олиб келиши мумкин.

    Ҳақиқатан ҳам, агар ҳазрати Амир Темур, турк султони Йилдирим Боязид, Оқ ва Олтин Ўрдалар хони Тўхтамишхон ўзаро келишиб, қудратли Турк хоқонлигини ташкил этганларида, балки шарқ фанний ва маърифий тараққиёти (цивилизацияси) ғарбга юз ўгирмаган, ҳозирги юксак техник ва ижтимоий ривожланиш ўз ядросини (жавҳарини) Турон заминида ўрнатган бўлармиди?! Айнан шу нарсани соҳибқирон Амир Темур ҳам кўзда тутган эди. Лекин, бу борадаги тақдир ҳукми ўзгача бўлди.

     Маълумки, ҳазрати Соҳибқирон ўз юришларини муқаддас жиҳод - жаҳолат қувғини деб тушунар эди. Шу сабабдан ҳам Оврупони ўз тасарруфига олаётган қудратли Турк султони Боязидга ёзган номаларида «Фаранг (Оврўпо-Д.С) лашкарига қарши жиҳод фарзини амалга ошириш йўлида ҳаракат камарини боғлаганинг учун ҳам сенинг мамлакатинг ҳудудига ҳеч бир тажовуз этмадик», ёки «Ул жаноб (султон Боязид-Д.С) ўша диёр кофирлари жиҳоди ила машғул бўлаверсинлар. Биз томондан ул тарафга қайси шаклда мақбул бўлса, самимийона иноят ва кўмак кўрсатилгай» тарзидаги фикрларини билдирганлар. Демак, агар султон Боязид ғурурга кетиб, ҳазрат Соҳибқироннинг кўчманчилардан бўлмиш Қора Юсуф ва Аҳмад Жалоир каби йўлтўсар, элсуймас рақибларига паноҳ бермаганида ва унга мусулмон шаънига мос келмайдиган мактублар жўнатмаганида соҳибқирон Амир Темур Оврўпо тақдирини унинг ўзига қўйиб берган бўлар эди. Ҳазрат Соҳибқиронни бу томонларга черик тортишга мажбур қилган сабаблар  биз ўйлагандан кўра чуқурроқ. Соҳибқиронга тааллуқли бўлган мактублар, султон Боязид билан ёзишмалар, мамлуклар, жалойирийлар, музаффарийлар ва Боязид ўрталаридаги ошкора ва хуфия ёзишмалар ва битимлар ҳам буни тасдиқлайди. Агар Султон Соҳибқирон ва ул зотга бевосита ва билвосита тегишли барча мактублар алоҳида муншаот сифатида нашр этилса, мазкур масалаларга анча ойдинлик киритилган бўлур эди.

     Бундан ташқари, Соҳибқироннинг Эрон, Озарбайжон, Ироқ, Ҳиндистон, Сурияга қилган юришлари машҳур Ипак Йўли ҳукмронлиги учун бу катта сиёсий аҳамиятга эга бўлган йўлни йўлтўсар-қароқчилардан тозалаб, унда осойишта карвонлар қатновини йўлга қўйиш ва имкон қадар маданийлаштириш учун бўлганлиги равшан-ку!

   «Оврўпо халоскори» деган фахрли ёрлиққа сазовор бўлган ҳазрат Соҳибқирон уни ўз диндош биродари тасарруфидан халос этишни истамаган, балки мақсади ўша юртларнинг халқларига ислом маърифатини элтиш бўлган. Соҳибқироннинг ҳар юз йилда бир марта бериладиган Қутбиддин унвонига сазовор бўлганликларини унутмайлик. Бундан кўринадики, ҳазрат Соҳибқирон Шарқда кўтарилаётган цивилизация зиёсидан онгли равишда Ғарбни ҳам баҳраманд этмоқчи бўлган. Бу масаланинг бир томони.

    Иккинчи томондан, уч машҳур Турк султонлари цивилизацияни Ғарбга буриб юбориб, ҳақиқатан ҳам Шарқ ундан бебаҳра қолдими? Балки, аксинчадир. Ҳазрати Соҳибқироннинг Румга қилган юришлари даврини эслайлик. 1402 йил. 70 ёшга яқинлашган соҳибқирон орадан уч йил ўтгач вафот этди. Рум Қайсари ҳам бу даврда кексалик ёшига яқинлашган эди. Бунга Оқ Ўрда ва Олтин Ўрданинг ҳам ичдан нураб турган бир даврни бошдан кечираётганлигини илова қиладиган бўлсак, уч буюк туркий султон ўзаро келишиб, ҳукмронлик қилган тақдирларида ҳам, бу уч салтанат учун темурийлар, чалабийлар ва мўғул хонларининг «тахт талашув» курашлари натижасида жуда яқин йилларда бошидан кечиражаги муқаррар бўлган сиёсий таназзул фурсати етиб қолганлиги маълум бўлади. Бу эса, мустамлакачилик остонасида турган Англия каби давлатларга, жалойирийлар, музаффарийлар, қолаверса, Қора Юсуф каби шахсларга ниятига эришиш учун шароит яратар эди. Ҳазрат Соҳибқирон эса, ноаҳил, худбин ҳукмдорлар - Рум Қайсари ва Тўхтамишхонни енгиши билан чалабийлар ва мўғул хонларининг ўз авлодлари темурийлар даврида кўп машаққат билан тикланган буюк империя ҳалокатига ҳисса қўшишлари ёхуд уни тезлатишлари эҳтимоли мавжудлигини зукколик билан сеза олди ва бунга йўл қўймади. Натижада, Марказий Осиё маркази бўлган машҳур Темур ва темурийлар салтанати вужудга келди ва у 1370 йилдан 1507 йилгача, Бобур ва бобурийларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда эса, 488 йил умр кўрди. Жаҳон тарихида бирор сулола бу қадар ёрқин ва узун умр кўрганлиги ҳали бизга номаълум. Бундан кўринадики, ҳазрат Соҳибқирон Шарқ бошига тушажак янги мустамлака  истибдодларини қарийб 500 йилга кечиктирди.

     Агар таъбир жоиз бўлса, мен ҳазрати Соҳибқирон ва темурийлар даврида Шарқ замини бошидан кечирган юксак тараққиётни «Темур цивилизацияси» деб атаган бўлур эдим. «Темур цивилизацияси» зиёси барча Шарқ мамлакатларини ёритди ва унинг меваларидан Ғарб ҳам баҳраманд бўлди. Қадимдан бошқа халқлар ҳисобига яшашга интилган Оврупо ўз ниятига етди. Аммо, бу орзуси ушалиши учун 500 йил ҳаракат қилди. Темурбек ва темурийлар салтанатининг узоқ ва шукуҳли умри ниҳоясини кутишга мажбур бўлди.

     Ана шу тариқа, ҳазрат Соҳибқирон ва Қутбиддин Амир Темур турли жабҳалардаги кўпқиррали ижодкорлик фаолияти билан қадим Туркистон тупроғида қодири барҳақ ҳукми билан юз бериши тақдир этилган жуда кўп соҳалардаги буюк юксалишларга туртки берди. Қолаверса, темурийлар даврида кечган «Туркий юксалиш» жараёнига асос солдилар. Соҳибқирон ўзининг шарқона, исломий фазилати, буюк Турон элларига хос бўлган беқиёс ҳислати ва мардлик, баҳодирлиги билан қадим Турон юртини жаҳонга кўз-кўз қилди.

    Мухтасар сўз, ҳазрат Соҳибқироннинг «Бизким, мулки Турон...» дея фахрланиши замирида жуда катта ҳикмат ва ҳақиқат ётар эканки, биз ва авлодларимиз ҳали асрлар давомида бу ҳикматлар махзанини очаверишга бурчлидирмиз!

 

Мақола  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди.

 1996, 28 июнь, 2-бет. Сам.ДУ профессори.  Дилором Салохий

 

 

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  

Меҳмонлар билан мулоқот

Афғонистон Республикасидан бир гуруҳ уламолар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикасидан Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар