imombuxoriy.uz

Диний экстремизм хавфи ва толерантлик

1903.2016

Диний экстремизм хавфи ва толерантлик

                                                                                                                     М.М.Аллаярова

                                                                                                                     ф.н, доцент   СамДУ

    Ҳозирги глобаллашув объектив ва зиддиятли жараён бўлиб, бунда унинг ижобий томонларига нисбатан салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг ўзаро ҳамкорлик, тенглик ва толернатлик тамойилларига асосланган цивилизациявий йўналишдаги тараққиётига кўпроқ мафкуравий таъсирини ўтказмоқда.

   Президентимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” китобида глобаллашув жараёнининг ушбу хусусиятини алоҳида таъкидлаб ўтади: “Ҳозирги шароитда у (глобаллашув жараёни-изоҳ бизники) мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам албатта кузатиши муқаррар”.[1]

  Глобаллашув жараёни интеграциялашиш (лот.integer- бир бутунга бирлашиш) йўналишида кечадики, бундан  дунёга ҳукмронлик қилишга интилувчи  сиёсий кучлар ўзларининг экспансив, буюк давлатчилик шовинизми сиёсатини амалга ошириш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Бунда диний экстремизмга энг самарали восита сифатида қарамоқдалар.

   Диний экстремизм- диний ташкилотлардаги ўта мутаассиб гуруҳларнинг ашаддий реакцион фаолияти бўлиб, улар бунда диннинг умуминсоний, толерантлик қимматига  эга бўлган Ҳақиқат, Эзгулик,Гўзаллик ғояларини мутлақо рад этадилар.

  Мазкур мутаассиб гуруҳлар динни ниқоб қилиб олган, унинг қонун-қоидаларига мафкурвий тус бериб, ундан ўзларининг стратегик геосиёсий мақсадларига эришиш йўлида фойдаланувчи, аслида дину иймондан мосуво кимсалардир.

  ХХ асрнинг охирларига келиб диний экстремизм фаоллашиб, унинг миқёсий мақсадлари глобал тус олади. Бу даврда дунёвий динлар, хусусан, Ислом ва Христиан динлари ниқоб қилиб олингани ҳолда мафкура полигонларида геосиёсий кучларнинг қуролига айлантирила бошланди.

Ислом дини номи билан иш кўрувчи, дунё миқёсида халифаликни ўрнатмоқчи бўлган жангари ақидапарастларнинг кўпгина мамлакатларда (Афғонистон, Россия, АҚШда ва б.) содир этган қонли террорчилик хуружлари Ғарбдаги дунёга ҳукмронлик қилиш орзусидаги сиёсий кучларга Исломни жаҳон тамаддунига хавф солувчи куч қиёфасида кўрсатиш учун дастак бўлиб хизмат қилади. Ва улар Исломни қоралаш баробарида Христиан динини бундай хавфга қарши турадиган ва ундан халос этадиган бирдан- бир куч, омил дея талқин қилишга киришадилар.[2] Ва шу асосда янги йўналишдаги миссионерлик ҳаракатини йўлга қўядилар.

  Миссионерлик дастлаб VIII асрда Андалусияда юзага келган, насронийликни тарғиб қилиш, ёйишга қаратилган ҳаракат бўлиб, у кейинчалик ислом ўлкаларига юриш, Ғарбнинг мустамлакачилик юришлари билан ёндош ҳолда амалга оширила боради.

  Бугунги кунда миссионерлик дунёга ҳукмронлик қилишга интилаётган диний экстремистик геосиёсий кучларнинг мафкурасига айлантирилмоқда. Шу боис миссионерлар “Бутун дунёни Инжил хабарлари руҳида тарбиялаш” шиори билан йўлга чиқмоқдалар.[3]

  Ушбу шиорни ҳаётга тадбиқ этиш учун катта маблағлар сарфланмоқда. Америкалик миссионерлик ҳаракати тадқиқотчиси Дэвид Боритнинг ёзишича, канисаларга тушган маблағдан йилига 150-160 млд. доллар насронийликни тарғиб ва Исломни ёмонотлиқ қилиш йўлида ҳаражатланмоқда. Жаҳоннинг ҳамма ерида йилига 22,7 миллион нусха масиҳий даврий нашр, 72,5 миллион нусха Инжил тарқатилади.[4]

  Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг тарғибот ва ташвиқот ишларини турли хил замонавий услуб, воситаларни қўллагани ҳолда олиб бормоқдалар. Шундай услублардан бири “маданиятга мослашув” услуби бўлиб, бунда тарғибот ишлари маҳаллий анъана, исломий удумларга хилоф бўлмаган тарзда бажарилади. Масалан, ваъзларда Қурондан истибоҳлар келтириш, рўза тутишларга ижозат берилади.[5]

      Собиқ иттифоқнинг парчаланиши, унинг даҳрийлик мафкурасининг  инқирозидан сўнг МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, бизнинг юртимизга ҳам мисссионерлик, прозелитизм ҳаракатлари хавф солабошлади.

   Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб толерантлик, диний бағрикенглик давлатимиз сиёсатининг асосий тамойили сифатида белгилаб берилади. Бу Конституциямизнинг 31-моддасида қуйидагича қайд этилади ва унда айни пайтда миссионерлик ҳаракатлари таъқиқланади: ”Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.

  Аммо Республикамизнинг баъзи бир ноисломий, хусусан, христианлик конфессиялари қонунга хилоф равишда маҳаллий аҳолини “инжиллаштириш” фаолиятини олиб бормоқдалар. Бунда улар маҳаллий тиллардаги адабиётлар, аудио ва видео кассеталарни катта ададда олиб киритиш ва тарқатишга зўр бермоқдалар. Маълумотларга кўра, биргина 2005 йилда Республикамиз ҳудудига олиб киритилаётган адабиётларнинг 316 тасидан 15 тасига, 2006 йилда эса 48 тасидан 2 тасига рад жавоби берилган.[6]

  Ҳозирги кунда миссионерлик, прозелитизм ҳаракати таҳдидининг мафкуравий тиғи энг аввало ёшларимизга, уларни миллий қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган Ислом динидан бегоналаштиришга қаратилгандир. Бас шундай экан, глобаллашув жараёнининг пўртанали оқими билан бирга қўшилиб кириб келаётган миссионерлик, прозелитизм ҳаракати таҳдидига қарши туриш, унинг хавфидан ёшларимизни ҳимоялаш бугунги кунда маънавий-мафкуравий тарбиянинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ушбу вазифани амалга ошириш фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашиш тамойилига асосланган ҳолда диний тарбиянинг, яъни муқаддас динимиз - Исломда мужассамлашган толерантлик ғояси билан суғорилган умуминсоний ва миллий қадриятларимизни ёшлармизнинг онги ва қалбига сингдириш ишини изчил ва тизимли тарзда олиб боришни тақозо этади.

         Бизнингча, қуйидагиларни инобатга олиш мазкур тарбияни амалга оширишнинг муҳим шартлари ҳисобланади:

1.     Оиладаги маънавий-ахлоқий муҳит исломий иймон-эътиқодни шакллантиришнинг асоси эканлиги ва бундай муҳитни қарор топтиришда ота-онанинг ўзини-ўзи органи бўлган ҳамда маҳалланинг масъулиятини ошириш.

2.      Ёшларнинг турли хил диний экстремистик оқимлар таъсирига  тушиб қолмаслик учун оила-мактаб-маҳалла ҳамкорлигига таяниш.

3.     Маънавий ва ғоявий тарбия бирлиги, унинг тизимлилиги,  узлуксизлигини таъминлаш ва бунинг учун мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида умумий тарбия йўналишларини (ахлоқий, ҳуқуқий,эстетик ва б.) ўқувчи, талаба ёшларда диний-исломий бағрикенглик, эътиқодни шакллантириш билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб бориш.

4.     Олий мактабларда ўқитиладиган “Диний экстремизм ва терроризмнинг маънавий асослари” курси ўқув соатларини кўпайтирган ҳолда ўтишни йўлга қўйиш. (ҳозир мазкур ўқув предмети 10 соатлик маъруза, 4 соатлик амалий машғулот ҳажмида ўтилади). Ва бунга “Экстремизм, радикализм ва терроризмни бартараф этишда толерантликни роли”,  деган мавзуини киритиш.

 



[1] Каримов И.А.Юксак маънавият-енгимлмас куч.Т.,”Маънавият”, 2008,113-бет.

 [2] Америкалик социолог Семюэл Хантингтон “Тамаддунлар тўқнашуви” номли рисоласида толерантлик, диний бағрикенгликка  зид бўлган ана шундай қарашни баён этади.

 [3] Қаранг: Тivaddle.Christian Missions and Third World States.s.12.

 [4] Қаранг: “Ҳидоят” журнали, 2009, №2, 18-бет.

 [5] Бу ҳақда батафсил қаранг: Шиносий Гундуз. Мусулмонларга йўналтирилган миссионерлик ҳаракати. “Ҳидоят” журнали, 2008, № 6, 26-бет

[6] Қаранг: “Парвона”газетаси. №46(201), 16 декабр, 2006 йил, 15 бет.

 

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  

Меҳмонлар билан мулоқот

Афғонистон Республикасидан бир гуруҳ уламолар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикасидан Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар