imombuxoriy.uz

Диний экстремизм оқим ва ташкилотлар фаолиятида аёллар ва ёшлар иштирокининг алоҳида хусусиятлари

2403.2016

Диний экстремизм оқим ва ташкилотлар фаолиятида аёллар ва ёшлар иштирокининг алоҳида  хусусиятлари

Ҳозирги кунда дунёдаги ижтимоий-мафкуравий муаммолардан энг хавфлиси диний-ғоявий, хусусан, экстремистик, миссионерлик ва прозелетизм муаммолари булиб, бу айни вақтда бизнинг мустақил Ўзбекистонимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

Маълумки аждодларимиз эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш- мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан далолат беради. Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган  турли оқим-ҳаракатларга кура айрим кишилар у диндан  бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда  иродасизликдир. Бу ҳақда юртбошимиз И.А.Каримов “...oдам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, хар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Буни кундалик ҳаётда учраб турадиган кўплаб воқеалар мисолида яққол кузатиш мумкин ва уларнинг қандай оқибатларга олиб келишини узоқ тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман” деб таъкидлаган эди.[1]

 Ушбу  ҳаракатларга жалб қилинаётганлар кўпроқ аёллар ва ёшларнинг иштирокида намоён бўлаётганлиги ачинарли ҳолдир. Чунки уларнинг кизиқиш хамда моддий ва маънавий  эҳтиёжларини қондиришда диний оқим ва ташкилотлар ўз ғоялари билан жалб қилган ҳолда  мақсадларини амалга ошириш осонроқдир.

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар кенг халқ оммаси билан узвий мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришиш мақсадини кўзлайдилар. Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилма­ларнинг ҳеч бири бирон-бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайдилар.

Диний экстремистик ҳаракатлар нима учун асосий эътиборни аёллар ва  ёшларга қаратмоқдалар? Республикамизда эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласида барча шароитлар яратиб берилган бир шароитда, маккор ва қўпорувчи кучлар, диний мутаассиб гуруҳлар ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида халқ ичида бузғунчи ғояларни  тарқатишга уринмоқдалар. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, экстремистлар ўз мақсадлари учун асосан ёш йигит ва қизларни танлайдилар.

Шу ерда аниқ рақамларга мурожаат қилайлик. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг ёш давлатлардан бири бўлиб, ўртача ёш 24 ни ташкил этади. Шунингдек, 28 миллиондан ортиқ аҳолининг 60 фоизи (15,6 млн.) 28 ёшгача бўлган ўсмирлардан иборат. Шу ўринда ўсмирлар ташқи таъсирларга кўпроқ мойил бўлишини алоҳида қайд этиш лозим. Муайян ҳолларда ҳаётдаги орзу-мақсадларга мустақил эришиш ҳаракатларининг ҳамма вақт ҳам амалга ошавермаслиги оқибатида ёшларда инфантиллик (ўзини ночор, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш)дек хусусият шаклланиши кузатилади.  Бундай вазиятда уларда "олий мақсадларга интилаётган мен каби кишилар ёки жамоа мавжуд”, – деган тасаввур пайдо бўлишига замин яратилади.  Шунда улар ўзларининг мақсад ва интилишларини тушунадиган кишиларни излай бошлайдилар.  Айни пайтда, жиддий масъулиятдан озод бўлган ўсмирлар учун шахсий тажрибанинг етишмаслиги хосдир. У соддадиллик ва хаёлпарастлик билан ёнма-ён келади.

Шу билан бирга, ёшлар наздида атрофда кузатилаётган адолатсизлик натижасида юзага келадиган зўриқишни йўқотишда фақат биргина йўл – «буюк ғоя»ни ўзида мужассамлаштирган етакчи билан ҳаммаслак бўлишни танлашга мойиллик юзага келади. Бу йўл ўсмирни диний мутаассиб оқимларнинг домига тортилишига олиб келиши мумкин.

Яна аниқ далилларга қайтамиз. Манбаларда қайд этилишича, 2008 йил январь-сентябрь ойларида диний экстремистик ташкилотлар таркибида конституциявий тузумга қарши жиноят содир этган 150 кишининг 80 тасини (53%) 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Эътироф этиш керакки, эътиқоди суст, дунёқараши шаклланмаган аксарият ёшлар ва аёлларимиз прозелетист-баптист ёки ноисломий оқим ва ҳаракатларнинг тузоғига илиниб қолмоқдалар. Биз шаҳримизда талаба ёшларининг  прозелетизм муаммоси билан қай даражада хабардорлигини ва  ушбу муаммони аниқлаш мақсадида СамДУ талабалари ўртасида оғзаки сўровлар ўтказдик. Сўровга 250та талаба жалб қилинди “Сиз христианлик динига ўтишга тарғиб қилувчи кишига дуч келганмисиз?” деган саволга ҳар бир гуруҳдан(25-30 кишилик) 2-3 та талаба “Ҳа, дуч келганман, лекин рози бўлмаганман” деган жавобни бердилар. Сўров натижалари прозелетистлар ёшлар ўртасида фаол тарғибот ишларини олиб бораётганлигини кўрсатадики, шу боис уларнинг келажакда мазкур секта таъсирига тушиб қолмаслигига кафолот бериб бўлмайди.

Ушбу рақамлар ҳам диний экстремистик ҳаракатларнинг ёшларнинг руҳий хусусиятларини инобатга олиб, уларга ўзларининг ғараз мақсадларига эришиш йўлида алоҳида эътибор билан қараётганликларини кўрсатади.

Экстремистик гуруҳларнинг асосий мақсадлари зўравонлик ва алдаш усуллари билан сиёсий ҳокимиятга эришиш бўлиб, бу йўлда гуруҳ етакчилари оддий аъзоларни бемалол қурбон қилиб юбормоқдалар. Мутаассиб ғоялар домига тушиб қолган шахслар оиласидан, жамиятдаги ўрнидан,  ҳатто ҳаётидан ажрамоқдалар. Бундай шахсларни ҳар қандай топшириқни ҳеч иккиланишсиз бажариш даражасига олиб келиш учун эса синалган услублардан фойдаланмоқдалар.

Жумладан, «оз-оздан» технологиясида фақат биргаликда намозга бориш, дам олиш кунларини бирга ўтказиш, фақат бир ҳафта кечқурунлари бирга диний адабиёт ўқиш, жамоанинг йиғинларида қатнашиш, фақат бир марта варақа тарқатиш каби кичик илтимослар орқали ёлланаётган шахсни жиддий ёнбосишга мажбур қилиш йўлидан борилади.

Шунингдек, доимий «мия ювиш» воситасида жамоанинг ғояларини амалга ошириш ёлланаётган кишининг шахсий қийинчиликлари ва жамиятдаги муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул йўли, деган қараш тинмай уқтириб борилади. Сўнгра «гуруҳий таъсир этиш» услуби қўлланилади. Бунда жамоанинг барча аъзолари янги аъзони турли томондан ягона ғояга йўналтирилган фикрлар билан «кўмиб» ташлайди.

Айни пайтда, ёлланаётган шахсга бетиним янгидан-янги маълумотлар бериш ва ўз фикрлари билан ёлғиз қолишига йўл қўймаслик орқали унда эътироз билдириш ёки баҳслашишга имкон қолдирмасликка ҳаракат қилинади ва бир пайтнинг ўзида унга нисбатан жамоа томонидан фақат ширин сўзлар гапирилиб, у ҳақда ғамхўрлик, аксарият ҳолларда моддий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, киши «ўзимни назорат қила оламан ва хоҳлаган вақтимда жамоадан четлаша оламан», – деган хаёлдан узоқ бўлиш лозим. Чунки кўпчилик мутаассиб оқимлар янги тарафдорларни ёллашда руҳий таъсирнинг юқоридаги каби усулларидан фаол фойдаланадилар ва ортга қайтишга деярли имкон қолдирмайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, аёллар ва ёшларнинг турли оқим ва ҳаракатлар домига тушиб қолишини олдини олиш уларда мафкуравий иммунитетни ва билим даражасини ошириш, улар бўш вақтини назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан  улар Ватанимиз келажаги, миллатимиз эртанги куни, тараққиётини белгилаб беради. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: «ХХI асрда қайси давлат қудратли, қайси кучли бўлади? Бу саволга, аҳолиси интеллектуал нуқтаи назардан баркамол, ёшлари билимли, ор-номусли, ватанпарвар бўлиб, униб-ўсаётган давлат, деб жавоб қайтариш мумкин».

                                                                                Марҳабо Аллаярова, Сам.ДУ,  доцент, 

[1] Каримов И.А.Юксак маънавият енгилмас куч. Т., 2008й, 38 -бет

 

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  

Меҳмонлар билан мулоқот

Афғонистон Республикасидан бир гуруҳ уламолар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикасидан Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар