imombuxoriy.uz

Мақолалар

0902.2017

БОЛАЛИК

БОЛАЛИК    Имом Бухорийнинг болалик йиллари асосан илм талабида ўтди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ қуйидагиларни айтади: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: “Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?” дедим. “Куттоб-бошланғич таълимдалигимдаёқ ҳадис ёд олишга илҳомлантирилдим”, деди. “Ўшанда ёшинг нечада эди?” дедим.    “Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин куттобдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. У бир куни одамларга дарс бериб туриб, “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деди. Мен унга: “эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”, дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: “Агар ҳузурингда бўлса, асл нусхага қара”, дедим. У ичкарига кириб, қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга: “Ҳой бола! Қандай эди?!” деди. “У Зубайр ибн Адийдан, у эса Иброҳимдан”, дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва: “Рост айтасан!” деди”.    Баъзи асҳоблари ундан “Ўша Доҳилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?” деб сўрашди.    “Ўн бирда эдим. Ўн олти ёшга етганимда ибн Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг каломларин билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб, ортга қайтди. Мен ҳадис  ўрганиш учун қолдим”.   Манба: “Одоблар хазинаси” китоби.            
2912.2016

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИСМЛАРИ, НАСАБЛАРИ ВА ТУҒИЛИШЛАРИ

   Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброхим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Бардизбаҳ (Айрим манбаларда Баздизбаҳ ёки Яздабиҳ ҳам дейилган) Жўъфий Бухорийдир. Баздизбаҳ мажусий бўлган. Аммо Муғийра ибн Ахмад Бардизбаҳ ўз вақтида Бухоронинг волийси бўлган ва Яман Жўъфийнинг қўлида мусулмон бўлган. Ўша пайтларида бировнинг Исломга киришига сабабчи бўлган одамга нисбат берилиши одат бўлган. Шунга биноан, имом Бухорийнинг оиласига Жўъфий нисбати берилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда, улар Жўъфий сабабидан мусулмон бўлишган.   Имом Бухорийнинг оталари Исмоил ибн Иброхимнинг куняси Абул Ҳасан бўлиб, у парҳезкор уламолардан эди. У ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари “Ат-тарих ал-кабир” китобида: “У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди”, деб ёзганлар.  У Молик ибн Анасдан дарс олган, Солиҳ ибн Муборак, Абу Муовия ва бошқалардан ривоят қилган шахсдир.  Исмоил ибн Иброхим Ахмад ибн Ҳафс, Яхё ибн Жаъфар Пойкандий ва бошқаларга устоз бўлган.  Унинг шогирди Ахмад ибн Ҳафс: “Ўлими олдидан ҳузурига кирсам, “Ҳамма молимнинг ичида бирон дирҳам шубҳалиси борлигини билмайман”, деди. Ўша пайт ўзимга-ўзим арзимас бўлиб кўриндим”, деб ривоят қилади.   Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада хижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кеча ўтганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.  У киши кичиклик пайтларида оталари вафот этиб, етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналари тарбиясида ўсдилар.                                                                                                                                                                                                                                            Манба: “Одоблар хазинаси” китоби.       
2310.2016

Имом Бухорий мажмуаси 18 ёшда

Имом Бухорий мажмуаси 18 ёшда    Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгач, шонли ўтмишимиз, шавкатли тарихимиз қайта бўй кўтарди. Улуғ бобокалонларимиз қолдириб кетган бой меросимиз тикланиб, уларнинг қабрлари, қадамжолари обод этилди. Қаерга бормайлик, обод масканлар, виқорли масжиду-мадрасалар, салобатли гумбазу-минораларни кўриб, қанчалик буюк аждодларнинг авлоди эканимизни ҳамиша ёдимизда тутамиз.    Юртимизда олиб борилган ислоҳотлар орасида ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг қабри жойлашган масканнинг обод этилиши амалга оширилган ишларнинг гултожиси бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки бу масканда дунё мусулмонлари ҳамиша ардоқлаб келган, “Ал-Жоме ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба дея эътироф этилган,  ислом дини ривожига мисли кўрилмаган хизматлар қилган зотга нисбатан авлодларнинг ўта муносиб эътибори акс этиб турибди.     Бундан роппа-роса 18 йил муқаддам 1998 йил 23 октябр жума куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи расман очилиш тадбири бўлиб ўтган эди. Ҳозирги кунда бу табаррук замин бутун Ислом оламидан, чет элдан келган сайёҳлар билан гавжумдир.    Мустақиллигимиз шарофати туфайли, ўтиб кетган улуғ аждодларимиз, хусусан Муҳаммад ибн Исмоил Имом Бухорий руҳларини шод қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1997 йил 29-апрелдаги Муҳаммад ибн Исмоил Имом Бухорий таваллудининг ҳижрий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ бу ёдгорлик мажмуи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шахрисабз халқ усталарининг олтин қўллари билан меъморчилик тарихида энг қисқа муддат, яъни 8 ой мобайнида барпо этилди.    Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу масканнинг обод этилишига эътибор қаратилгани бежиз эмас, албатта. Негаки ўзлигимизни, қандай улуғ инсонларнинг авлоди эканимизни, қандай бой ва бетакрор маънавий мерос ворислари эканимизни англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш йўлига киришар эканмиз, бу ишларнинг дебочасида Имом Бухорий ҳазратларининг маънавий меросини тиклаш вазифаси туриши табиий ҳолдир. Чунки бу зотнинг ислом динига қилган хазмати барча замон уламолари томонидан энг юксак дея эътироф этиб келинган. Биргина мисол тариқасида Қатарлик олим Доктор Муҳаммад Али Донавийнинг “Ал-Умма” журналидаги (1982 йил, август) “... Дарҳақиқат, Ислом уммати кўпгина фазилатлар, илм ва ҳидоят эвазига Бухорийдан қарздордир. Бу уммат зиммасига юклатилган вазифа шуки, улар ўз фарзандларига мактабларда, олийгоҳларда ва мажлисларда Бухорий ҳазратлари ўзи ким эканликларини ўргатмоқлари лозим”, деган эътирофини келтириб қўйиш кифоя. Буни биринчилардан бўлиб англаб етган марҳум Юртбошимиз мажмуа очилишида қилган нутқларида: “...Шулар қаторида озодлигимизнинг дастлабки йиллариданоқ биз Имом ал-Бухорий мақбарасини ул зотнинг шаън-шавкатига муносиб, ён-атрофи мунаввар гўшага, зиёратга келган мўмин-мусулмонларга руҳий-маънавий куч ато этадиган қадамжога айлантиришни ният қилган эдик”, деб айтиб ўтгандилар.    Ҳозирда эса бу даргоҳ марҳум Юртбошимизнинг раҳнамолиги остида йиллар давомида олиб борилган бунёдкорликлар натижаси ўлароқ дунё мусулмонларини ўзига жалб этган, зиёратчиларга руҳий озуқа улашаётган муқаддас замин сифатида қалблардан жой олган. Зеро, ислоҳотларимиз асосчиси Ислом Каримов нутқлари давомида: “Аллоҳнинг инояти билан эзгу ниятимиз ижобат бўлган шу қутлуғ кунда мен бу муаззам ёдгорлик мажмуининг шунчаки зиёратгоҳ эмас, балки гўзал Ўзбекистонимизни бутун дунёга танитадиган, ёш авлодимизни эзгулик руҳида тарбиялайдиган, ҳар бир инсонни ҳаёт ва абадият ҳақида ўйлантирадиган азиз маскан бўлиб қолишига ишонаман”, дея таъкидлаган эдилар.    Таъкидлаш лозимки, айниқса сўнги йилларда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижаси ўлароқ янгича кўриниш олган миллий меморчилик санъати билан йўғрилган кошинли айвонлар, маҳобатли мақбара, серфайз ҳовлию, салобатли масжид Ўзбекистонда олиб борилаётган диний соҳадаги юксак эътиборнинг намунасидир.     Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби                       Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ    
0604.2016

БУХОРИЙ БОБОМ

Отабек БОҚОНИЙ Бухорий бобом Гоҳида шод бўлиб, гоҳ чекиб алам,     Гоҳида қийналиб, гоҳи муҳтарам,         Хадислар саҳиҳин қилиб берди жам,     Дунёнинг имоми Бухорий бобом...   Ёлғону ғийбатдан сақлаб ўзини,, Қуръони ҳадисдан узмай кўзини,            Тингларди доимо узтоз сўзини, Дунёнинг имоми Бухорий бобом.   Гоҳи иссиқда, гоҳи сояда,          Гоҳида от билан, гоҳи туяда,                              Ҳадислар тўплади гоҳи пиёда, Дунёнинг имоми Бухорий бобом.   Саҳиҳ ал-Бухорий номланди китоб,  Тартибга солдилар қилиб бобма-боб,                                         Тасдиқдан ўтказиб тарқатди шитоб,                            Дунёнинг имоми Бухорий бобом.                       Сўзсиз бу китобни жаҳон тан олар,      Қуръондан кейинги китоб саналар,                                 Қадрини йўқотмас ўтса саналар,              Дунёнинг имоми Бухорий бобом.   Қабрини зиёрат этар кекса-ёш,             Тиловат қилишар кўзларида ёш,           Покиза руҳлари барчамизга бош, Дунёнинг имоми Бухорий бобом.
0504.2016

АБУ АЛИ ИБН СИНО ИНСОН РУҲИЯТИ ҲАҚИДА

СамДУ психология кафедраси доценти                                       Мушарраф Салахутдинова   АБУ АЛИ ИБН СИНО ИНСОН РУҲИЯТИ ҲАҚИДА        Шарқнинг буюк мутафаккири, хизматлари абадиятга дахлдор улуғ олим Абу Али ибн Сино 980 йил Бухоро яқинидаги Афшона деган жойда дунёга келди. 985-995 йиллар Ибн Сино Бухородаги улуғ олимлар Маҳмуд Масон, Исмоил аз-Зоҳидий, Абу Абдуллоҳ Зоҳидий, Абу Абдуллоҳ Нотилий, Ал-Қумрий каби улуғ олимлардан таълим олди. 995-1005 йиллар давомида Абу Али ибн Сино Бухоронинг улуғ олим ва табибларидан бири бўлиб танилди. Бухоро амирининг оғир касалини даволашда иштирок этиб, унинг эвазига амир кутубхонасида мутолаа қилишга рухсат олди. Ўзининг дастлабки илмий асарларини яратди. Хоразмлик олим Абу Райҳон Бериуний (973-1048) билан ёзишмалар олиб борди. 1005 йил Ибн Сино Бухородан Хоразм пойтахти Гурганжга келиб бу ердаги олимлар даврасида хизмат қилади, асарлар ёзади. «Тиб қонунлари», «Аш-шифо» асарларининг дастлабки материалларини ҳам йиға бошлади. 1012-1014 йиллар Абу Али ибн Сино Ғазна подшоҳи Султон Ғазнавий таъқибидан қочиб Хоразмдан чиқиб кетади. 1014 йил Абу Али ибн Сино Рай шаҳрига келади. Бу ерда табиблик билан шуғулланади ва илмий ишларини давом эттиради. 1016 йил Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб Абу Али ибн Сино Райдан Казвин орқали Ҳамадонга ўтади. Бу ерда Амир Шамсуддавланинг вазири бўлиб хизмат қилади. Сўнг ҳарбийларнинг иғвоси билан Фаражон қалъасида ҳибс этилади. Бу ерда Абу Али ибн Сино «Ал ҳидоя» («Бағишлов»), «Ҳай ва Якзон» («Уйғоқнинг ўғли Тирик»), қуланж касали тўғрисидаги «Китоб ул-куланж» асарларини ёзди. «Юрак дорилари» китобини ҳам шу йилларда ёза бошлади. 1025 йил Абу Али ибн Сино Ҳамадондан Исфаҳонга ўтди. Бу ерда умрининг охиригача яшади. «Тиб қонунлари», «Аш-шифо» каби шоҳ асарларини тугаллади. «Китоб ул-Алойи» асарини ёзди. 1037 йилда Абу Али ибн Сино Исфаҳон амири Алоуддавла билан Ҳамадон сафарида бирга бўлди. Шу сафар давомида эски касали қўзғаб қолди ва вафот этди. Абу Али ибн Синони Ҳамадон шаҳрида дафн этишди. Абу Али ибн Сино табиблик ва илмий фаолияти давомида инсон руҳиятига доир кўп хулосаларни кашф этди.  Психология фанидан маълумки, инсоннинг психологик ҳолатлари кўпроқ унинг физиологик ҳолатларига боғлиқ бўлади. Бу борада Ибн Синонинг фикри шундай: соғ ва носоғ одамда бир хил кўриниш содир бўлмайди. Аввал носоғ одамни соғломликка эриштирмоқ, шундан кейин ундан соғ одам қиладиган ишни кутмоқ керак. Шахс фазилатлари ҳақида сўрашганда Ибн Сино айтади: Ҳар бир хайр ва яхшилик асосида тортинмоқ, жасорат, ҳикмат ва адолат ётади. Инсон шуларга одат қилган, уларнинг аксидан сақланган ҳолда камолот касб этади. Инсоннинг феъли олдиндан белгиланган  қисмат туфайли пайдо бўладими? Яъни характер генетик омилга ёки тақдирга боғлиқми? – деган саволга олим: Қисматни белгиловчи Оллоҳнинг иродаси ҳамма нарсага бош. Унинг иродасидан ташқари ҳеч нарса мавжуд бўлмайди. Аммо ҳар бир мавжуд нарсага оид кўп сифатлар борки, бу сифатларни инсон – ҳар бир вужуд муҳит, тарбия ва турли таъсирлар орқали касб этади, - дейди. Агар бу касб этилган сифатлар салбий бўлсалар, улардан қутулиш йўли қандай? Салбий сифатлардан қутулиш учун, агар улар тасодифий таъсир туфайли пайдо бўлган бўлсалар, киши ўз иродасини сафарбар этмоғи лозим. Кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Агар бу сифатлар одатга айланиб қолса, кишининг табиатига мослашиб қолади. Демак, яхши сифатларга одатланган одам яхшилик касб этади: ёмон сифатларга одатланган эса ёмонликка ўрганиб қолади. Яхшилик ва саховат ошиқчалик ва етишмовчиликнинг ўртасидир. Ибн Сино тингловчининг қарашларидан унинг тушуна олмаётганини сезади. Чунки суҳбат фалсафий тус ола бошласа, у мавҳумлашиб боради. Масалан, - дейди Ибн Сино, - агар беморда иссиқлик ортиб кетган бўлса, уни совуқликдан иборат озуқа ва дори билан камайтирамиз. Агар совуқлик ортиб кетган бўлса, уни иссиқлик ёрдамида пасайтириш керак бўлади. Худди шунинг сингари ўзимизда етишмовчилик сезсак, эзгу сифатларни оширмоқ ҳисобига ўша етишмовчиликни камайтирмоғимиз зарур. Барча сифатлар ичида энг асосийлари қайсилар? Адолат, дейди Ибн Сино. Адолат ҳиммат ва саховатнинг негизидир. Адолат барча руҳий кучларга алоқадор. Ушбу фикрларни Ибн Синонинг шогирди Жузжоний  тартиб билан қоғозга туширади ва натижада Ибн Синонинг «Одоб ҳақида» деган рисоласи пайдо бўлади. Бу рисолада эзгулик, унинг жузъий томонлари: карам, ҳикмат, сабр, хайр, сир сақлаш, тоқат, сўзамоллик, зийраклик, қатъият, жасорат, самимият, вафо, шафқат, номус, тиришқоқлик, камтарлик каби шахсга хос сифатлар таъриф ва талқин қилинган. Бу сифатларга зид бўлган тушунчаларга ҳам изоҳлар берилган. Ибн Синонинг руҳнинг номоддийлиги ҳақида қизиқ бир фикри бор: «Руҳ нуроний моддадир. Кирувчи руҳ нур дейилади. Кўз нурни кўрса нафс севинади, қоронғуликда у сиқилади. Чунки ёруғлик нафсни ташувчи (маркаб)га ўхшаш бўлиб, қоронғилик унинг зиддидир[1]. Хурсандлик, ғам, хавф, ғазаб юракда бўлган руҳнинг махсус таъсирланишидан пайдо бўлган. Хурсандлик бир турли лаззатдир, дейди олим. Лаззатда истеъдод лаззатланувчининг миқдор ва кайфиятида энг яхши ҳолда бўлишини тақозо қилади. Модданинг миқдорда ортиқлиги қувватнинг шиддатда ортиқлигини келтириб чиқаради. Бунинг зидди эса аламга бўлган истеъдодни билдиради. Бирор нарсага ҳозир турганда энг кичик туртки ҳам етарли. Масалан, олтингугурт салгина олов билан ёниб кетади. Ўтин эса унга қараганда икки баравар ортиқ бўлсада, дарров ёна олмайди. Шунга ўхшаш шодланиш қобилиятига эга бўлган руҳ сал нарсага севинади. Хурсандликнинг кетма-кет келиши хурсандликка тайёрлайди. Ғамнинг кетма-кет келиши ғамгинликка мослайди. Қувноқ кишига сабабларнинг энг кучлисигина таъсир қилади, шодлантирувчи сабабларнинг кучсизи ҳам таъсир қилаверади. Бунинг зидди эса ғамгинликка йўллайди. Олимнинг ушбу фикрлари умумий психология фанининг ҳиссиётлар, эмоциялар, аффектлар каби мавзулари учун ўрганилиши муҳимдир. Олимнинг психофизиологияга доир фикрлари: Кўп миқдорли, соф, қуюқ ва суюқлиги муътадил бўлган қон руҳни шодлантиришга ҳозирлайди. Чунки ундан ана шундай сифатли руҳ туғилади.   Агар қон суюқ, серсув бўлса қалбни заиф қилади ва қўрқоқликка ҳозирлайди. Чунки бундай қоннинг ҳаракати қийин ва оғир. Ғализ, қуйқали ва юқори ҳарорати бўлган қон руҳни ғам ва ғазабга чорлайди. Ғам қуйқа ва хира руҳдан, ғазаб руҳ ҳароратидан бўлган алангаланишдан келиб чиқади. Ибн Синонинг шоҳ асари «Аш-шифо»да зоопсихологияга доир «Ал-ҳайвон» бўлими бор. Ибн Сино асарларида нафс деган тушунча рефлекслар ва баъзи ўринларда инстинкт тушунчасини англатади. «Аш-шифо»даги «физика» бўлимининг олтинчи боби – «Китоби нафс»дир. Олимнинг сезгилар борасидаги хулосалари ҳозирги экстерорецепторлар тушунчасига мос, интерорецепторлардан бироз фарқ қилади: ташқаридан қабул қилинувчи қуйидаги сезгилардир: кўрув, эшитув, ҳидлов, таъм, сезув. Ичкаридан қабул қилинувчилар: хаёл, фикрлов, фараз, сақлов ва хотира. Олимнинг ижтимоий фикрлари. Инсон фақат жамият ичида яшай олади. Агар бир одам ёлғиз ўзи бўлганда у аллақачон йўқ бўлиб кетган бўлар эди. Инсоннинг яшамоғи учун зарур кишилар бир-бирларига тайёрлаб берадилар. Уларнинг ўзаро муомалалари учун энг қулай восита – овоз. Ибн Синонинг психологик қарашларини акс эттирган яна бир асар «Китоб ул-Алоий» ёки «Донишнома» («Билимлар китоби») дир. Ундаги «Мантиқ» бўлимида олимнинг ижтимоий-психологик фикрлари – жамият ва оилани бошқариш, ўз-ўзини бошқариш муаммолари ёритилган. «Физика» бўлими инсоннинг жони (нафси) унинг абадийлиги ва бу абадийликнинг ҳолати тўғрисидаги мулоҳазаларга бағишланган. «Тиб қонунлари» китобида гавдадаги энг иссиқ нарса руҳ дейилади. Руҳнинг пайдо бўлиш ўрни юракдир. Асарда инсон мижозини ташкил этувчи тўрт унсур – овоз, ҳаво, ер, сув ҳамда хилтлар ўрганилади. Олим инсоннинг ёш даврларини қуйидаги тўрт даврга бўлади: ўсиш ёши – ўсмирлик - туғилгандан 30 ёшгача давом этади. Ўсишдан тўхташ – ёшлик -  35-40 ёш; чўкиш ёши – 60 ёшгача; кучсизлик билан чўкиш ёши – умр охиригача боради. Бу кексаликдир. Ушбу бўлим бўйича асосий хулосалар қуйидагилардан иборат: 1. Абу Али ибн Сино қолдирган илмий мерос бизга психологияга доир яхлит асарлар ва бошқа мавзуларга доир асарлар таркибидаги психологияга доир маълумотларни тақдим этади. 2. Қўлга киритилган маълумотлар орасида шахс психологияси, ижтимоий психология, психофизиология, ёш психологияси, зоопсихология, тиббиёт психологияси, психика ва онг, характер ва темпераментга доир илмий муаммолар асосий ўрин тутади. 3. Абу Али ибн Синонинг руҳ ҳақидаги қарашлари олий нерв фаолияти мавзусини ўрганишда муҳимдир. Абу Али ибн Синонинг психологияга доир фикрларини тадқиқ этишни давом эттириш ва тиббиёт фанида бўлганидек, ундан психология фани ва амалиёти учун зарур маълумотларни топиш мақсадга мувофиқдир.                                                           АДАБИЁТЛАР: Абдураҳмонов Ф. Қадимги Шарқ мамлакатларида психологик фикрлар тараққиёти. - Тошкент: Ўқитувчи. 1995. – 78 б. Муҳиддинов М.Қ. Комил инсон – адабиёт идеали. – Тошкент. 2005. – 205 б. Хайруллаев М.М. Ўрта Осиёда илк уйғониш даври маданияти. – Тошкент: Фан. 1994. – 78 б. Қаюмов А. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. – Тошкент: Ёш гвардия. 1987. – 238 б. Ғозиев Э. Тафаккур психологияси. – Тошкент. 2001. – 110 б.                                                                [1] Қаюмов А. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. Т.: Ёш гвардия. 1987. 145-бет.  
2403.2016

Диний экстремизм оқим ва ташкилотлар фаолиятида аёллар ва ёшлар иштирокининг алоҳида хусусиятлари

Диний экстремизм оқим ва ташкилотлар фаолиятида аёллар ва ёшлар иштирокининг алоҳида  хусусиятлари Ҳозирги кунда дунёдаги ижтимоий-мафкуравий муаммолардан энг хавфлиси диний-ғоявий, хусусан, экстремистик, миссионерлик ва прозелетизм муаммолари булиб, бу айни вақтда бизнинг мустақил Ўзбекистонимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Маълумки аждодларимиз эътиқод қилиб келаётган диний ва маънавий меросни асраб-авайлаш- мустаҳкам эътиқод ва иродалиликдан далолат беради. Бугунги кунда ҳаётимизда учраб тураётган  турли оқим-ҳаракатларга кура айрим кишилар у диндан  бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида эътиқодсизлик эмас, балки эътиқодининг сустлиги, илмсизлик, ғоявий бўшлиқ хамда  иродасизликдир. Бу ҳақда юртбошимиз И.А.Каримов “...oдам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, хар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Буни кундалик ҳаётда учраб турадиган кўплаб воқеалар мисолида яққол кузатиш мумкин ва уларнинг қандай оқибатларга олиб келишини узоқ тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман” деб таъкидлаган эди.[1]  Ушбу  ҳаракатларга жалб қилинаётганлар кўпроқ аёллар ва ёшларнинг иштирокида намоён бўлаётганлиги ачинарли ҳолдир. Чунки уларнинг кизиқиш хамда моддий ва маънавий  эҳтиёжларини қондиришда диний оқим ва ташкилотлар ўз ғоялари билан жалб қилган ҳолда  мақсадларини амалга ошириш осонроқдир. Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар кенг халқ оммаси билан узвий мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришиш мақсадини кўзлайдилар. Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилма­ларнинг ҳеч бири бирон-бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайдилар. Диний экстремистик ҳаракатлар нима учун асосий эътиборни аёллар ва  ёшларга қаратмоқдалар? Республикамизда эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласида барча шароитлар яратиб берилган бир шароитда, маккор ва қўпорувчи кучлар, диний мутаассиб гуруҳлар ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида халқ ичида бузғунчи ғояларни  тарқатишга уринмоқдалар. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, экстремистлар ўз мақсадлари учун асосан ёш йигит ва қизларни танлайдилар. Шу ерда аниқ рақамларга мурожаат қилайлик. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг ёш давлатлардан бири бўлиб, ўртача ёш 24 ни ташкил этади. Шунингдек, 28 миллиондан ортиқ аҳолининг 60 фоизи (15,6 млн.) 28 ёшгача бўлган ўсмирлардан иборат. Шу ўринда ўсмирлар ташқи таъсирларга кўпроқ мойил бўлишини алоҳида қайд этиш лозим. Муайян ҳолларда ҳаётдаги орзу-мақсадларга мустақил эришиш ҳаракатларининг ҳамма вақт ҳам амалга ошавермаслиги оқибатида ёшларда инфантиллик (ўзини ночор, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш)дек хусусият шаклланиши кузатилади.  Бундай вазиятда уларда "олий мақсадларга интилаётган мен каби кишилар ёки жамоа мавжуд”, – деган тасаввур пайдо бўлишига замин яратилади.  Шунда улар ўзларининг мақсад ва интилишларини тушунадиган кишиларни излай бошлайдилар.  Айни пайтда, жиддий масъулиятдан озод бўлган ўсмирлар учун шахсий тажрибанинг етишмаслиги хосдир. У соддадиллик ва хаёлпарастлик билан ёнма-ён келади. Шу билан бирга, ёшлар наздида атрофда кузатилаётган адолатсизлик натижасида юзага келадиган зўриқишни йўқотишда фақат биргина йўл – «буюк ғоя»ни ўзида мужассамлаштирган етакчи билан ҳаммаслак бўлишни танлашга мойиллик юзага келади. Бу йўл ўсмирни диний мутаассиб оқимларнинг домига тортилишига олиб келиши мумкин. Яна аниқ далилларга қайтамиз. Манбаларда қайд этилишича, 2008 йил январь-сентябрь ойларида диний экстремистик ташкилотлар таркибида конституциявий тузумга қарши жиноят содир этган 150 кишининг 80 тасини (53%) 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Эътироф этиш керакки, эътиқоди суст, дунёқараши шаклланмаган аксарият ёшлар ва аёлларимиз прозелетист-баптист ёки ноисломий оқим ва ҳаракатларнинг тузоғига илиниб қолмоқдалар. Биз шаҳримизда талаба ёшларининг  прозелетизм муаммоси билан қай даражада хабардорлигини ва  ушбу муаммони аниқлаш мақсадида СамДУ талабалари ўртасида оғзаки сўровлар ўтказдик. Сўровга 250та талаба жалб қилинди “Сиз христианлик динига ўтишга тарғиб қилувчи кишига дуч келганмисиз?” деган саволга ҳар бир гуруҳдан(25-30 кишилик) 2-3 та талаба “Ҳа, дуч келганман, лекин рози бўлмаганман” деган жавобни бердилар. Сўров натижалари прозелетистлар ёшлар ўртасида фаол тарғибот ишларини олиб бораётганлигини кўрсатадики, шу боис уларнинг келажакда мазкур секта таъсирига тушиб қолмаслигига кафолот бериб бўлмайди. Ушбу рақамлар ҳам диний экстремистик ҳаракатларнинг ёшларнинг руҳий хусусиятларини инобатга олиб, уларга ўзларининг ғараз мақсадларига эришиш йўлида алоҳида эътибор билан қараётганликларини кўрсатади. Экстремистик гуруҳларнинг асосий мақсадлари зўравонлик ва алдаш усуллари билан сиёсий ҳокимиятга эришиш бўлиб, бу йўлда гуруҳ етакчилари оддий аъзоларни бемалол қурбон қилиб юбормоқдалар. Мутаассиб ғоялар домига тушиб қолган шахслар оиласидан, жамиятдаги ўрнидан,  ҳатто ҳаётидан ажрамоқдалар. Бундай шахсларни ҳар қандай топшириқни ҳеч иккиланишсиз бажариш даражасига олиб келиш учун эса синалган услублардан фойдаланмоқдалар. Жумладан, «оз-оздан» технологиясида фақат биргаликда намозга бориш, дам олиш кунларини бирга ўтказиш, фақат бир ҳафта кечқурунлари бирга диний адабиёт ўқиш, жамоанинг йиғинларида қатнашиш, фақат бир марта варақа тарқатиш каби кичик илтимослар орқали ёлланаётган шахсни жиддий ёнбосишга мажбур қилиш йўлидан борилади. Шунингдек, доимий «мия ювиш» воситасида жамоанинг ғояларини амалга ошириш ёлланаётган кишининг шахсий қийинчиликлари ва жамиятдаги муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул йўли, деган қараш тинмай уқтириб борилади. Сўнгра «гуруҳий таъсир этиш» услуби қўлланилади. Бунда жамоанинг барча аъзолари янги аъзони турли томондан ягона ғояга йўналтирилган фикрлар билан «кўмиб» ташлайди. Айни пайтда, ёлланаётган шахсга бетиним янгидан-янги маълумотлар бериш ва ўз фикрлари билан ёлғиз қолишига йўл қўймаслик орқали унда эътироз билдириш ёки баҳслашишга имкон қолдирмасликка ҳаракат қилинади ва бир пайтнинг ўзида унга нисбатан жамоа томонидан фақат ширин сўзлар гапирилиб, у ҳақда ғамхўрлик, аксарият ҳолларда моддий ёрдам ҳам кўрсатилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, киши «ўзимни назорат қила оламан ва хоҳлаган вақтимда жамоадан четлаша оламан», – деган хаёлдан узоқ бўлиш лозим. Чунки кўпчилик мутаассиб оқимлар янги тарафдорларни ёллашда руҳий таъсирнинг юқоридаги каби усулларидан фаол фойдаланадилар ва ортга қайтишга деярли имкон қолдирмайдилар. Хулоса қилиб айтганда, аёллар ва ёшларнинг турли оқим ва ҳаракатлар домига тушиб қолишини олдини олиш уларда мафкуравий иммунитетни ва билим даражасини ошириш, улар бўш вақтини назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан  улар Ватанимиз келажаги, миллатимиз эртанги куни, тараққиётини белгилаб беради. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: «ХХI асрда қайси давлат қудратли, қайси кучли бўлади? Бу саволга, аҳолиси интеллектуал нуқтаи назардан баркамол, ёшлари билимли, ор-номусли, ватанпарвар бўлиб, униб-ўсаётган давлат, деб жавоб қайтариш мумкин».                                                                                 Марҳабо Аллаярова, Сам.ДУ,  доцент,  [1] Каримов И.А.Юксак маънавият енгилмас куч. Т., 2008й, 38 -бет  
2103.2016

“Сўнгги пушаймон ўзингга душман” ёки миссионерларнинг кирдикорлари

“Сўнгги пушаймон ўзингга душман” ёки миссионерларнинг  кирдикорлари   Аллаярова Марҳабо. СамДУ доценти. Бугунги дунё бўйлаб кечаётган глобаллашув жараёнида  инсон онги ва қалби учун кураш бораётганлиги яққол намоён бўлмоқда. Ушбу жараённинг ижобий ва салбий омиллари мавжуд бўлиб, салбий омиллар натижаси  сифатида инсон қалбини эгаллашга қаратилган диний экстремизм, терроризм, миссионерлик ва прозелитизм харакатларини  айтиш мумкин. Чунки ушбу харакатлар  мустақиллигимиз, ўзлигимизга таҳдид солувчи мафкуравий таъсир ўтказиш қуроли вазифасини ўташлиги билан мамлакатимиз тараққиётига хавф солувчи омиллардир. Охирги пайтларда  минтақамизда миссионерлик ва прозелитизм харакатлари жиддий муаммо бўлиб келаётган фаолиятлардан бири бўлиб  у ОАВларда ҳам тез-тез акс эттирилиб келинмоқда[1]. Мазкур фаолият қонуний тақиқланган бўлса-да, шунга қарамасдан унинг моҳиятини тушунмаётган айрим кишилар ушбу ҳаракатларга аралашиб  турли оқимларга кириб кетмоқдалар. Миссионерлик ва прозелитизм тарихан христиан дини негизида юзага келган ҳаракат бўлиб, бугунги кунда бошқа динларда ҳам, хусусан буддизм жаҳон динида ҳам ривожланиб келаётганлигини кузатиш мумкин. Миссионерлик фаолияти вакиллари миссионер деб аталиб, “Жаҳон китоби” энциклопедиясида  “Миссионер – бирон диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон”, Кирилл ва Мефодийнинг катта энциклопедиясида «Миссионерлик – бирор диний бирлашма вакилларининг ўз эътиқодини бошқа дин вакиллари орасида ёйиш ҳаракати»2 деган таърифлар берилган. Умуман «миссионерлик» – бу бир динга эътиқод қилувчи халқлар, элатлар, миллатлар орасида бошқа бир динни ҳар хил ижтимоий восита ва омиллар орқали тарғиб қилиш ва сингдиришга қаратилган хавфли сиёсий фаолиятдир. Чунки унинг бугунгача бўлган даврдаги яширин фаолияти бир қанча хавфли ижтимоий, сиёсий муаммоларга омил бўлиб, беқарорликни келтириб чиқарувчи мафкуравий табиатга эга бўлган харакатдир. Бугунги кунда миссионерликни христианлик динининг протестантлик оқимида вужудга келган айрим секта, диний ташкилотлар ғояларини “Иегово шоҳидлари”, “Евангел христиан баптистлари”, “Исо Масиҳ” прозелитик гуруҳлари, Буддизмда “Кришнани англаш” диний ташкилоти харакатида кенг тарғиб этилиши фаолиятида кўриш мумкин. «Прозелитизм» тушунчаси ҳам миссионерлик билан бевосита боғлиқ бўлиб, прозелит – юнонча («келгинди»)3 янги мазҳабни қабул қилган киши, прозелитизм – бир эътиқоддаги кишини бошқа эътиқодга ўтказишга уриниш4 маъносини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, «- бу бирор бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга тўғридан тўғри мажбур қилишдир»5, яъни инсонлар онги ва қалбига руҳийтаъсир этиш орқали ўз мақсадларига эришишга қаратилган ҳаракатдир. Маълумки, давлатимизда дунёвий давлат сифатида барча фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағркенглик ва ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшаши, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинган(1998йил 15 май). Унда динлар хилма-хиллиги, миллий қадриятлари  уларнинг маънавий ҳаётининг ажралмас қисми эканлиги ҳисобга олинган, чунки мамлакатимизда 130дан ортиқ турли милат вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Лекин шунга қарамасдан мамлакатимизда фуқароларнинг  виждон эркинлиги қонуний таъминланса-да(“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун 1998йил, 23та моддадан иборат),  миссионерлик ва прозелитик ҳаракатлари ўзларининг қонунга зид ҳатти –ҳарактлари билан кишиларнинг турли услуб ва воситаларда ўз диний ақидаларини сингдиришга, ўзгартиришга интилмоқдалар. Шуни айтиш лозимки, уларнинг бу ҳатти-ҳаракатлари бошида узоқ вақтни мўлжаллаган, муайян мақсадни кўзлаётган геосиёсий кучлар ва дунёга гегемонлик қилишга интилаётган ҳаракатлар ётганлигини ҳалқимиз англаб олиши  зарур. Бу борада вилоятимизда жойларда  аҳоли ўртасида диний экстремизм ва терроризмга қарши ва диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган  турли маънавий-маърифий ишлар олиб  борилса-да, лекин  айрим фуқаролар ушбу оқим ва ҳаракатлар таъсирига ҳанузгача тушиб қолмоқдалар. Бундай (миссионерлик ва прозелитизм) оқим ва ҳаракатларга билим савияси пастлиги, моддий манфаатга ўч, маънавий қашшоқ ва дунёқараши тор, ўзлигини англамаган кишилар улар домига тушиб қоладилар. Ва бу ҳатти-ҳарактлари қандай оқибатларга олиб келишини ўз вақтида англаб етмайдилар. Хусусан, Самарқанд вилоятида бундай секталар фаолиятига қўшилиб қолганлар қаторида Ф..Наргиза, Ж.Назокат(исм шарифлари ўзгартирилган) исмли аёллар Христиан дини негизидаги “Иегово шоҳидлари” сектасига аъзо бўлиб ўзгаларни ҳам шу секталарга чорлашга  ҳаракат қилганлар ва  Самарқанд  вилояти ИИБ ишлар томонидан  ашёвий далиллар билан қўлга олинганлар. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд  шаҳар суди қарорига мувофиқ ҳуқуқбузар  Ф.Наргизани(исм-шарифи ўзгартирилган)   Ўзбекистон Республикаси МЖтК 1842-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва унга нисбатан  ушбу модда билан энг кам иш ҳаққининг 20(йигирма) баравари, яъни 1.258.400 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди. Маъмурий иш бўйича ашёвий далил сифатида олинган  материаллар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги идорасига сақлаш учун топширилди. Шунингдек ҳуқуқбузар Ж.Назокат(исм-шарифи ўзгартирилган) Самарқанд жиноят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 1842-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳқуқбузарликни содир этган деб топилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 1842-моддасига кўра энг кам иш ҳаққининг 50(эллик) баравари, яъни 3.979.500 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди. Ундан ташқари  миссионерликнинг Буддизм дини негизидаги “Кришнани англаш” сектаси диний фаолияти билан шуғулланиб, мазкур уюшмасининг Самарқанд шаҳридаги яширин фаолият  юритишни таъминлаб келган К.  Сафар ва Х.Нодир исмли(исм-шарифи ўзгартирилган) кимсалар ҳам 2013 йил 27 январ куни  Самарқанд вилоят ИИБ ЖК ва терроризмга қарши кураш бўлинмаси  ва Самарқанд шаҳар ИИБ 3-сон ИИб ЖК ва УЖККБ тезкор ходимлари  томонидан  ашёвий далиллар билан қўлга олинди.  Хусусан,   Самарқанд шаҳар суди томонидан ҳуқуқбузар К.Сафарга нисбатан  Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1842-моддаси ва 240-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва унга нисбатан  ушбу модда билан энг кам иш ҳаққининг 20(йигирма) баравари, яъни 1.591.800 сўм миқдорда жарима жазоси, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг  240-моддаси 1-қисмига асосан энг кам иш ҳаққининг 60(олтмиш) баравари, яъни 4.775.400 сўм миқдорда жарима жазоси, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддасига асосан  К.Сафарга нисбатан  узил –кесил энг кам иш ҳаққининг 60(олтмиш) баравари, яъни 4.775.400 сўм миқдорда жарима жазолари  тайинланди. Улар томонидан қўлланилган турли материллар ва воситалар ноқонуний деб топилиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитасининг Самарқанд вилояти бўлимига топширилди.  Хулоса қилиб айтганда,  “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деганларидек, ўзларининг қилган ҳатти-харакатларига пушаймон бўлган ушбу ўзлигини англамаган шахслар нафақат ўзига, балки оиласига, миллатига иснод келтириш билан бирга, халқи, ватани тинчлиги, барқарор тараққиётига хавф солишда гумроҳлик қилишди деб айтиш мумкин.      [1]“Зарфашон” газетаси 2013 й 14 март 2infoislom/uz. 3ЖўраевУ.Т. СаиджоновЙ.С. Дунёдинларитарихи. Тошкент: Шарқ, 1998. – 73 б. 4 Словарь иностранных слов. М.: Русский язык, 1989, - 411 с. 5Маънавийтаҳдидлар: миссионерликва прозелитизм (моҳияти, келибчиқиши, шакллари, муаммолари). – Тошкент, Мовороуннаҳр, 2011. 36 бет.  
1903.2016

Диний экстремизм хавфи ва толерантлик

Диний экстремизм хавфи ва толерантлик                                                                                                                      М.М.Аллаярова                                                                                                                      ф.н, доцент   СамДУ     Ҳозирги глобаллашув объектив ва зиддиятли жараён бўлиб, бунда унинг ижобий томонларига нисбатан салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг ўзаро ҳамкорлик, тенглик ва толернатлик тамойилларига асосланган цивилизациявий йўналишдаги тараққиётига кўпроқ мафкуравий таъсирини ўтказмоқда.    Президентимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” китобида глобаллашув жараёнининг ушбу хусусиятини алоҳида таъкидлаб ўтади: “Ҳозирги шароитда у (глобаллашув жараёни-изоҳ бизники) мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам албатта кузатиши муқаррар”.[1]   Глобаллашув жараёни интеграциялашиш (лот.integer- бир бутунга бирлашиш) йўналишида кечадики, бундан  дунёга ҳукмронлик қилишга интилувчи  сиёсий кучлар ўзларининг экспансив, буюк давлатчилик шовинизми сиёсатини амалга ошириш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Бунда диний экстремизмга энг самарали восита сифатида қарамоқдалар.    Диний экстремизм- диний ташкилотлардаги ўта мутаассиб гуруҳларнинг ашаддий реакцион фаолияти бўлиб, улар бунда диннинг умуминсоний, толерантлик қимматига  эга бўлган Ҳақиқат, Эзгулик,Гўзаллик ғояларини мутлақо рад этадилар.   Мазкур мутаассиб гуруҳлар динни ниқоб қилиб олган, унинг қонун-қоидаларига мафкурвий тус бериб, ундан ўзларининг стратегик геосиёсий мақсадларига эришиш йўлида фойдаланувчи, аслида дину иймондан мосуво кимсалардир.   ХХ асрнинг охирларига келиб диний экстремизм фаоллашиб, унинг миқёсий мақсадлари глобал тус олади. Бу даврда дунёвий динлар, хусусан, Ислом ва Христиан динлари ниқоб қилиб олингани ҳолда мафкура полигонларида геосиёсий кучларнинг қуролига айлантирила бошланди. Ислом дини номи билан иш кўрувчи, дунё миқёсида халифаликни ўрнатмоқчи бўлган жангари ақидапарастларнинг кўпгина мамлакатларда (Афғонистон, Россия, АҚШда ва б.) содир этган қонли террорчилик хуружлари Ғарбдаги дунёга ҳукмронлик қилиш орзусидаги сиёсий кучларга Исломни жаҳон тамаддунига хавф солувчи куч қиёфасида кўрсатиш учун дастак бўлиб хизмат қилади. Ва улар Исломни қоралаш баробарида Христиан динини бундай хавфга қарши турадиган ва ундан халос этадиган бирдан- бир куч, омил дея талқин қилишга киришадилар.[2] Ва шу асосда янги йўналишдаги миссионерлик ҳаракатини йўлга қўядилар.   Миссионерлик дастлаб VIII асрда Андалусияда юзага келган, насронийликни тарғиб қилиш, ёйишга қаратилган ҳаракат бўлиб, у кейинчалик ислом ўлкаларига юриш, Ғарбнинг мустамлакачилик юришлари билан ёндош ҳолда амалга оширила боради.   Бугунги кунда миссионерлик дунёга ҳукмронлик қилишга интилаётган диний экстремистик геосиёсий кучларнинг мафкурасига айлантирилмоқда. Шу боис миссионерлар “Бутун дунёни Инжил хабарлари руҳида тарбиялаш” шиори билан йўлга чиқмоқдалар.[3]   Ушбу шиорни ҳаётга тадбиқ этиш учун катта маблағлар сарфланмоқда. Америкалик миссионерлик ҳаракати тадқиқотчиси Дэвид Боритнинг ёзишича, канисаларга тушган маблағдан йилига 150-160 млд. доллар насронийликни тарғиб ва Исломни ёмонотлиқ қилиш йўлида ҳаражатланмоқда. Жаҳоннинг ҳамма ерида йилига 22,7 миллион нусха масиҳий даврий нашр, 72,5 миллион нусха Инжил тарқатилади.[4]   Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг тарғибот ва ташвиқот ишларини турли хил замонавий услуб, воситаларни қўллагани ҳолда олиб бормоқдалар. Шундай услублардан бири “маданиятга мослашув” услуби бўлиб, бунда тарғибот ишлари маҳаллий анъана, исломий удумларга хилоф бўлмаган тарзда бажарилади. Масалан, ваъзларда Қурондан истибоҳлар келтириш, рўза тутишларга ижозат берилади.[5]       Собиқ иттифоқнинг парчаланиши, унинг даҳрийлик мафкурасининг  инқирозидан сўнг МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, бизнинг юртимизга ҳам мисссионерлик, прозелитизм ҳаракатлари хавф солабошлади.    Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб толерантлик, диний бағрикенглик давлатимиз сиёсатининг асосий тамойили сифатида белгилаб берилади. Бу Конституциямизнинг 31-моддасида қуйидагича қайд этилади ва унда айни пайтда миссионерлик ҳаракатлари таъқиқланади: ”Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.   Аммо Республикамизнинг баъзи бир ноисломий, хусусан, христианлик конфессиялари қонунга хилоф равишда маҳаллий аҳолини “инжиллаштириш” фаолиятини олиб бормоқдалар. Бунда улар маҳаллий тиллардаги адабиётлар, аудио ва видео кассеталарни катта ададда олиб киритиш ва тарқатишга зўр бермоқдалар. Маълумотларга кўра, биргина 2005 йилда Республикамиз ҳудудига олиб киритилаётган адабиётларнинг 316 тасидан 15 тасига, 2006 йилда эса 48 тасидан 2 тасига рад жавоби берилган.[6]   Ҳозирги кунда миссионерлик, прозелитизм ҳаракати таҳдидининг мафкуравий тиғи энг аввало ёшларимизга, уларни миллий қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган Ислом динидан бегоналаштиришга қаратилгандир. Бас шундай экан, глобаллашув жараёнининг пўртанали оқими билан бирга қўшилиб кириб келаётган миссионерлик, прозелитизм ҳаракати таҳдидига қарши туриш, унинг хавфидан ёшларимизни ҳимоялаш бугунги кунда маънавий-мафкуравий тарбиянинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ушбу вазифани амалга ошириш фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашиш тамойилига асосланган ҳолда диний тарбиянинг, яъни муқаддас динимиз - Исломда мужассамлашган толерантлик ғояси билан суғорилган умуминсоний ва миллий қадриятларимизни ёшлармизнинг онги ва қалбига сингдириш ишини изчил ва тизимли тарзда олиб боришни тақозо этади.          Бизнингча, қуйидагиларни инобатга олиш мазкур тарбияни амалга оширишнинг муҳим шартлари ҳисобланади: 1.     Оиладаги маънавий-ахлоқий муҳит исломий иймон-эътиқодни шакллантиришнинг асоси эканлиги ва бундай муҳитни қарор топтиришда ота-онанинг ўзини-ўзи органи бўлган ҳамда маҳалланинг масъулиятини ошириш. 2.      Ёшларнинг турли хил диний экстремистик оқимлар таъсирига  тушиб қолмаслик учун оила-мактаб-маҳалла ҳамкорлигига таяниш. 3.     Маънавий ва ғоявий тарбия бирлиги, унинг тизимлилиги,  узлуксизлигини таъминлаш ва бунинг учун мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида умумий тарбия йўналишларини (ахлоқий, ҳуқуқий,эстетик ва б.) ўқувчи, талаба ёшларда диний-исломий бағрикенглик, эътиқодни шакллантириш билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб бориш. 4.     Олий мактабларда ўқитиладиган “Диний экстремизм ва терроризмнинг маънавий асослари” курси ўқув соатларини кўпайтирган ҳолда ўтишни йўлга қўйиш. (ҳозир мазкур ўқув предмети 10 соатлик маъруза, 4 соатлик амалий машғулот ҳажмида ўтилади). Ва бунга “Экстремизм, радикализм ва терроризмни бартараф этишда толерантликни роли”,  деган мавзуини киритиш.   [1] Каримов И.А.Юксак маънавият-енгимлмас куч.Т.,”Маънавият”, 2008,113-бет.  [2] Америкалик социолог Семюэл Хантингтон “Тамаддунлар тўқнашуви” номли рисоласида толерантлик, диний бағрикенгликка  зид бўлган ана шундай қарашни баён этади.  [3] Қаранг: Тivaddle.Christian Missions and Third World States.s.12.  [4] Қаранг: “Ҳидоят” журнали, 2009, №2, 18-бет.  [5] Бу ҳақда батафсил қаранг: Шиносий Гундуз. Мусулмонларга йўналтирилган миссионерлик ҳаракати. “Ҳидоят” журнали, 2008, № 6, 26-бет [6] Қаранг: “Парвона”газетаси. №46(201), 16 декабр, 2006 йил, 15 бет.  
1803.2016

ОНАНИ ЭЪЗОЗЛАНГ

ОНАНИ ЭЪЗОЗЛАНГ     Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. Фақат, уни қул ҳолида топса-ю, сотиб олиб, озод қилса, бундан мустасно»,  дедилар».           Шарҳ: Ота-онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо қилиш жуда қийин ишлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, бу ишни бажариб охирига етказа олиши қийин. Мабодо, ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳаққни адо қилди, дейилса, жоиз экан. Бироқ, ҳозирги кунимизда қулчилик йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, фарзанд малолланмай ҳар доим ота-онасининг кўнглини хушнуд қилиши лозимдир.  Абу Бурдадан ривоят қилинади: «Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим, у киши Ибн Умарни кўрган эканлар. Яманлик бир одам орқасига онасини кўтариб олиб, Байтуллоҳни тавоф қилаётган экан. У:«Мен онамнинг минган ювош туясиман. Уловлари чарчаса ҳам, мен чарчамасман», деган шеърни айтар эди. Сўнгра у: «Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деди. «Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам»,  деди. Кейин Ибн Умар тавоф қилди. Мақомга бориб, икки ракъат намоз ўқиди-да, сўнгра: «Эй, Ибн Абу Мусо! Ҳар икки ракъат ўзидан олдин ўтганнинг каффороти бўлади», дедилар». Шарҳ: Ўйлаб кўрадиган бўлсак, юра олмайдиган онани Ямандан Маккага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Уни кўтариб олиб тавоф қилдириш ҳам осон эмас. Ушбу ривоят қаҳрамони бўлмиш фарзанд онасини Ямандан олиб келиб, орқасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдириш билан онасининг ундаги ҳаққини адо этган деб ўйлаган эди. У ўз фикрини катта олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Умарга тасдиқлатиб олиш учун у кишига: «Эй, Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб савол берди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу гапни айлантириб ўтирмай, лўндасини айтиб қўя қолди: «Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам»,  деди.  Онанинг бир марта эмизиши шунчалар қимматга эга бўлса, ҳамма эмизишларининг қиммати ва қадри, ҳаққи ва ҳурмати қанчалар бўлишини ҳар киши ўзи билиб олаверса бўлади. Онанинг эмизишдан бошқа хизматлари ҳам кўплигини ҳамма билади. Демак, фарзанд онанинг ҳаққини тўла адо этиши амримаҳол. Шунинг учун, хаёлни турли ҳисобларга бурмасдан, она розилиги учун бутун борлиғини ишга солсин.  Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб: «Ассалому алайкум, онажон! Ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. Онаси ҳам: «Ва алайка, ўғилгинам! Ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. «Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди. «Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди онаси. Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди». Шарҳ: Мадийнанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам деган амир бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради. Энди ўша улуғ саҳобий, катта обрў соҳиби, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг! Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди. Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб кўчадан келганининг хабарини берар эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айлангани фахримиз боисидир. Баъзи ҳолатларда ёшлар диний амалларга қизиқиб, ота-оналарнинг ҳаққларини ортга суриш ҳолатларига йўл қўйишлари мумкин. Бундай пайтларда илм соҳиблари дарҳол уларга насиҳат қилиб, ишни тўғри йўлга буришлари керак экан. Аллоҳ таоло барчаларимизни оналарини ҳурматлайдиган, хизматларини қилиб, меҳрибончиликлар кўрсатиб дуоларини оладиган ва шу билан ўзимизга жаннатни вожиб қилиб оладиган солиҳ бандаларидан қилсин, вафот этиб кетганлари ортидан дуои хайрлар қилиб, уларга Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират тилашимизни насиб айласин, омин ё Роббал оламийн! Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби    
1703.2016

ЎЗБЕКИСТОН - УСТОЗЛАР ЮРТИ

ЎЗБЕКИСТОН - УСТОЗЛАР ЮРТИ Дунёда яшаётган ҳар бир инсон аввало ўз ватани ҳақида, иқлими, табиати, бойлиги, ишлаб чиқариши, ихтиролари, боболаридан қолган мерослари ҳақида куюниб, суюниб гапиради. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз кундан-кунга тараққиёт сари илдамлаб бораётган улкан мамлакатдир. Тарихга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистонимизда минглаб олимлар ижод қилиб, ўз илмий меросларини нафақат ўз халқига, балки бутун дунё аҳлига ноёб хазина сифатида қолдирганлар. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон-устозлар юрти деб айтишга тўла ҳақлимиз. Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Заминимизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, мутафаккир боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ийжодий кашфиётлари бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солаётганини ғурур билан таъкидлаш лозим”, деб ёзадилар. Боболаримиз ўз даврида ўз вазифаларини аъло даражада бажарди. Ўсиб-улғайиб келаётган янги авлод вакиллари ҳам илм олиб, олим бўлиб келажак авлодга янги-янги ихтироларни мерос қилиб қолдириши керак. Ўзбекистон устозлар юрти деганимизда дунёни ўз илми билан ларзага солган ҳадис илмининг султони, бетакрор илм соҳиби Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, алгебра фанига асос солган Мусо ал-Хоразмий, “Астрономия асослари” фундаментал оламнинг тузилиши, ернинг ўлчови ҳақида дастлабки маълумотларни IX асрда бера олган Аҳмад Фарғоний, улуғ қомусий аллома, биринчи бўлиб ер шари глобусини яратган Абу Райҳон Беруний, медицина отаси деб тан олинган Абу Али ибн Сино, “Шарқ Аристотели” деб ном олган буюк аллома Абу Наср Фаробий, 1018 та юлдузни ҳолатини ва жойлашувини XV асрда баён қилиб берган астрономия соҳасида буюк аллома Мирзо Улуғбек, “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак шарафга сазовор бўлган, калом илмининг етук алломаси Имом Мотурудий, “Дин ва миллатнинг ҳужжати” деган ном билан ижод қилган ислом ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний, “Дилинг Аллоҳ, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган пурмаъно сўзлар соҳиби, дунёга машҳур бўлган буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, ўзбек тилининг асосчиси, юртбошимиз таъбири билан айтганда “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони” бўлган, жаҳон адабиёти тарихида порлоқ юлдуз бўлиб порлаган ҳазрат Алишер Навоий ва яна шунга ўхшаш минглаб азиз авлиё, олиму уламо, фозилу фузалоларни мисол келтира оламиз. Аллоҳнинг назари тушган олимларнинг она заминимизда қўним топишлари, шу замин тупроғида мангу ётишларида ҳамҳикматлар бисёр. Шундай экан ташлаётган қадамларимизни, олаётган илмимизни, гапираётган гапимизни устозларга муносиб шогирт сифатида амалга оширишимиз зарур. Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир: яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, - деб башорат беради. Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.)дан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Абу Умома (рз.)дан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, - деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот (а.с.): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, - дедилар”. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар. Илм ва илм аҳлининг даражаси ҳар қайси жамиятда ҳам юқори даражага қўйилган. Ўзбекистонимиз ҳам устозлар ватани бўлгани учун ана шундай шарафли номларга муносиб топишгандир. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга таълим бериб илмини зиёда қилади. Боболаримиздан қолган одатга кўра намозларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтиб бўлгач, ота-оналари қаторида таълим-тарбия берган устозларининг ҳақларига ҳам Яратгандан мағфират сўраб дуо қиладилар. Ёшларимиз ҳам ана шу одатни дастурул амал қилиб, ўрганиб олишлари, ўтган устозлар ҳақига доимо дуолар қилиб, ҳаётда яшаб турган устозлар дуосини олиб яшашлари мақсадга мувофиқдир. Бугунги кун ёшлари замон талабидан келиб чиқиб дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни аъло даражада ўзлаштиришлари керак. Устозлар юрти бўлган Ўзбекистонимизда яна ҳам устозлар кўпайишини умид қилиб Аллоҳдан сўраб қоламиз. Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ Имом Бухорий жоме масжиди имом-хатиби

Янгиликлар

0103.2018

Ички туризмни ривожлантирайлик

2018 йил 25 феврал куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашига аъзо  Навоий шаҳри 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби 110 нафар ўқувчилари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёратга ташриф буюрди.  
1606.2017

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан

   Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан    2017 йил 15 июн куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган ифторлик бўлиб ўтди. Ифторлик дастурхонига вилоятимизнинг барча туманларидан нуроний отахон, онахонлар, кам таъминланган оилалар иштирок этди. Тадбир жуда чиройли ва осуда ўтди.  

Меҳмонлар билан мулоқот

Афғонистон Республикасидан бир гуруҳ уламолар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Покистон Ислом Республикасидан Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрган сайёҳлар